Logo

Канаданинг Торонто шаҳридаги тоғ-кон саноати ва геология бўйича халқаро конгрессда “Ўзбекистон куни” бўлиб ўтади

Март 01, 2026. 16:00 • 2 дақ

60
Канаданинг Торонто шаҳридаги тоғ-кон саноати ва геология бўйича халқаро конгрессда “Ўзбекистон куни” бўлиб ўтади

 ТОРОНТО, 1 март. /“Дунё” АА/. Канаданинг энг йирик шаҳарларидан бирида - Торонтода бўлиб ўтадиган тоғ-кон саноати ва геология бўйича нуфузли “PDAC 2026” конгресси доирасида Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги “Ўзбекистон куни” тадбирини ташкил этади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

PDAC (Prospectors & Developers Association of Canada) Convention – дунёдаги энг йирик кон-қазилма ва геология соҳасига ихтисослашган халқаро кўргазма-конференция ҳисобланади.

Тадбирда Ўзбекистоннинг АҚШ ва Канададаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда етакчи миллий компаниялар вакиллари иштирок этади.

“Ўзбекистон куни” – мамлакатимизнинг геологик салоҳияти ва сармоявий имкониятларини, “Конь – металл – бозор” тамойили бўйича тўлиқ ишлаб чиқариш-сотиш занжирига асосланган комплекс саноат моделини тақдим этиш учун муҳим майдондир.

Тадбирлар 2026 йил 1 март куни PDACнинг Шимолий биносида 202B анжуманлар залида бўлиб ўтади.

Ташкилотчилар Канада Савдо Комиссияси (ТCС) томонидан ташкил этилган PDAC глобал давра суҳбатлари доирасида бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон глобал давра суҳбати” сессиясига таклиф қилади.

2 март, 14:30-16:00, Шимолий корпус, 104А зал.

Сессия давомида иштирокчилар Ўзбекистоннинг технологик металлар соҳасидаги сармоявий салоҳияти, чуқур қайта ишлаш ва кейинги ишлаб чиқариш занжирларини ривожлантиришга қаратилган янги саноат модели ҳақида батафсил маълумотга эга бўлади.

Ташкилотчилар жойлар сони чекланганига эътибор қаратишмоқда. Рўйхатдан ўтиш учун қуйидаги манзилга мурожаат қилинг:

📩 anna.ilhan@uztmk.uz

PDAC кўргазмаси давомида сизларни Шимолий корпусдаги 7523Н-сонли стендимизда ҳам кўришдан мамнун бўламиз. У ерда сиз лойиҳаларни амалга ошириш ва Ўзбекистон технологик металлургия комбинати билан ҳамкорлик истиқболлари бўйича тўғридан-тўғри B2B музокараларини ўтказиш имкониятига эга бўласиз.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш