Ғарбий Европада кучли жазирама: Францияда ўлим ҳолатлари кескин ошди

Июнь 29, 2026. 14:00 • 3 дақ

96
Ғарбий Европада кучли жазирама: Францияда ўлим ҳолатлари кескин ошди

ПАРИЖ, 29 июнь. /“Дунё” АА/. Сўнгги кунларда Ғарбий Европа аҳолиси аномал иссиқнинг навбатдаги тўлқинини бошдан кечирмоқда, айниқса, Францияда кучли жазирама фонида кунлик ўлим кўрсаткичлари тобора ортиб бормоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

“Deutsche Welle”нинг ёзишича, Франциянинг ғарбида 24 июндан буён қайд этилган ўлимлар сони аввалги ойлар кўрсаткичидан қарийб мингтага кўп бўлган. 28 июнь куни эълон қилинган дастлабки маълумотларга кўра, 23 июндан бошлаб кунлик ўлим ҳолатлари сезиларли даражада ортган. Айниқса, энг юқори – “қизил” хавф даражаси жорий этилган ҳудудларда, хусусан, уйида вафот этганлар сонининг кескин кўпайгани кузатилган.

Ўлим кўрсаткичлари айниқса Ил-де-Франс, Янги Аквитания, Бретан, Луара водийси, Нормандия ва Пейи-де-ла-Луар ҳудудларида юқори бўлган. Ушбу ҳудудларда энг юқори даражадаги иссиқлик хавфи эълон қилинган.

“France 24”нинг хабар беришича, Франция Жамоат саломатлиги агентлиги шу йил 24 июндан буён қайд этилган ўлимлар сони аввалги ойлар кўрсаткичларига нисбатан қарийб 1000 тага кўпайганини маълум қилган. Ушбу рақамлар дастлабки ҳисоб-китобларга асосланган бўлиб, якуний маълумотларда қурбонлар сони бундан ҳам юқори бўлиши мумкинлиги айтилган.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, жазирама кўпроқ кексалар, сурункали касалликларга чалинганлар ва заиф қатлам вакиллари учун жиддий хавф туғдирмоқда. Қайд этилишича, вафот этганларнинг 85 фоизи 65 ёш ва ундан катта бўлган фуқаролар саналади. Энг кўп ўлим ҳолатлари қизил огоҳлантириш эълон қилинган ҳудудларда, хусусан, Париж ва унинг атрофини қамраб олган Ил-де-Франс минтақасида кузатилган. Шунингдек, ўлимларнинг катта қисми уй шароитида содир бўлгани айтилмоқда.

Агентлик бу ҳолат ёлғиз яшовчи ва ижтимоий жиҳатдан яккаланиб қолган инсонларга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатишини таъкидлаган. Айниқса, йирик шаҳарларда бундай фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам кўрсатиш бўйича бирдамлик чораларини кучайтиришга чақирилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Европа ҳозир дунёдаги энг тез исиб бораётган қитъа эканини таъкидлаб, ҳукуматларни аҳолини экстремал иссиқдан ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чоралар кўришга чақирган. Унинг сўзларига кўра, бундай об-ҳаво ҳодисалари келгусида янада тез-тез кузатилиши мумкин.

Шунингдек ўқинг

“Reuters”нинг қайд этишича, жазирама Германияда ҳам кузатилмоқда. Мамлакат метеорология хизмати (DWD) маълумотига кўра, 27 июнь куни Саксония–Анҳальт федерал еридаги Древиц қишлоғида ҳаво ҳарорати 41,5 даражани ташкил этиб, Германия тарихидаги энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этилган.

Айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошиб, фавқулодда огоҳлантиришлар эълон қилинган. Маълум қилинишича, Германияда Франция билан чегарадош Саарбрюккен шаҳри яқинида 41,3 даража иссиқ қайд этилган. Мамлакат метеорология хизмати бу кўрсаткич дастлабки маълумот эканини билдирган. Деярли бутун Германия бўйлаб кучли жазирама ҳақида огоҳлантириш эълон қилиниб, айрим ҳудудларда ҳарорат 42 даражагача кўтарилиши прогноз қилинмоқда.

Германияда жазирама транспорт тизимига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Мамлакатнинг миллий темир йўл оператори йўловчиларга узоқ масофали сафарларни жаримасиз бекор қилиш имконини берди. Шимолий Рейн–Вестфалия ерида айрим поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилган. Гамбург яқинида эса кучли иссиқ туфайли асфальт ёрилиб кетгани сабаб А7 автомагистралининг бир қисми ёпилган.

Италияда эса Милан, Рим, Турин, Венеция, Флоренция ва Болонья каби 18 та шаҳарда энг юқори даражадаги иссиқлик огоҳлантириши эълон қилинган. Айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 39 даражагача етиши кутилмоқда. Кучли жазирама сабаб бир қатор оммавий тадбирлар ва спорт мусобақалари жадвалига ҳам ўзгартишлар киритилган.

Олимлар бундай жазирама инсон фаолияти оқибатидаги иқлим ўзгариши билан боғлиқ эканини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, сўнгги ҳафтадаги юқори тунги ҳароратлар бундан йигирма йил аввалгидан қарийб 100 баробар кўпроқ кузатилмоқда.

“Anadolu” АА сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш