Махачқалъадаги вақтинчалик сақлаш марказида бўлиб турган ватандошлар ҳолидан хабар олинди

Май 20, 2026. 09:25 • 2 дақ

56
Махачқалъадаги вақтинчалик сақлаш марказида бўлиб турган ватандошлар ҳолидан хабар олинди
Махачқалъадаги вақтинчалик сақлаш марказида бўлиб турган ватандошлар ҳолидан хабар олинди

МАХАЧҚАЛЪА, 20 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари ватандошларимизнинг мурожаатларини ўрганиш, минтақанинг ваколатли идоралари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида Доғистонга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида Ички ишлар вазирлигининг Доғистон Республикаси бўйича Миграция масалалари бошқармаси, Махачқалъа шаҳридаги Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш маркази раҳбарияти, шунингдек, тегишли бўлинмалар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, тезкор ҳамкорлик ва ахборот алмашиш механизмларини такомиллаштириш, Маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган фуқароларни ватанга қайтариш тартиб-таомилларини жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Мулоқот давомида ҳамкорликнинг кейинги механизмлари, жумладан, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхона билан доимий ҳамкорлик қилиш учун масъул ходимни бириктириш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек ўқинг

Дипломатлар, Махачқалъа шаҳридаги Вақтинча сақлаш марказида консуллик сайёр қабулини ўтказди. Қабул доирасида Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ва суҳбатлар ташкил этилди.

Ватандошлар билан мулоқот чоғида мавжуд муаммо ва мурожаатлар ўрганилиб, зарур консуллик-ҳуқуқий маълумотлар тақдим этилди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хориждаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида давлат томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Учрашув якунида 24 нафар Ўзбекистон фуқаросини амалдаги қонунчилик доирасида ватанга қайтариш жараёнларини тезлаштиришга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш