“Travel World”: Ҳиндистон Ўзбекистон туризм соҳасининг ўсиши учун асосий стратегик бозор ҳисобланади
Май 20, 2026. 09:55 • 3 дақ
• 18
ДЕҲЛИ, 20 май. /“Дунё” АА/. Ҳиндистоннинг “The Economic Times” оммабоп нашри таркибига кирувчи “Travel World” туристик ахборот порталида Ўзбекистонни маҳаллий сайёҳлик бозорида изчил тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларга бағишланган таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Материал диққат марказида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси ҳамда мамлакатимиз Туризм қўмитаси томонидан Ҳайдаробод ва Ченнаи шаҳарларида ташкил этилган тақдимот маросимлари жой олган. Ушбу тадбирлар сайёҳлик соҳасида ҳамкорликнинг янги имкониятларини очиб берди ва Ўзбекистоннинг ҳиндистонлик саёҳатчилар учун устувор йўналиш сифатидаги мақомини яна бир бор тасдиқлади.
Нашр Ўзбекистон йилига қарийб 33 миллион хорижий сайёҳлик сафарларини шакллантирадиган Ҳиндистон бозорида ўз иштирокини тизимли равишда кенгайтириш босқичига ўтаётганини таъкидлаган.
Ҳайдаробод ва Ченнаидаги роуд-шоуларда 70 дан ортиқ етакчи турагент ва туроператорлар жам бўлгани соҳа мутахассисларининг юқори қизиқишидан далолат беради. Тақдимот маросимлари жорий йилнинг бошида Мумбайда бўлиб ўтган OTM ва Деҳлидаги SATTE каби минтақадаги энг йирик кўргазмаларда Ўзбекистон муваффақиятли иштирок этганининг мантиқий давоми бўлди.
Нашр Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчиси Сардор Рустамбоевнинг “Ҳиндистон Ўзбекистон туризм соҳасининг ўсиши учун асосий стратегик бозор ҳисобланади. Ушбу роуд-шоулар орқали биз нафақат Ҳиндистон туристик компаниялари билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлашни, балки Ўзбекистонни тарих, маданият ва замонавий таассуротларнинг бетакрор уйғунлигини тақдим этувчи маскан сифатида намойиш этишни мақсад қилганмиз. Биз ҳиндистонлик саёҳатчиларни Ўзбекистонни кашф этишга ва ушбу умумий маданий ришталарнинг бир қисмига айланишга самимий таклиф этамиз”, деган сўзларидан иқтибос келтирган.
Мақола муаллифи транспорт имкониятлари кенгаяётганига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, “Uzbekistan Airways” ва “Air India” авиакомпаниялари ўртасида яқинда имзоланган код-шер (қўшма фойдаланиш) шартномаси Деҳли-Тошкент, Мумбай-Тошкент, шунингдек, Гоа-Тошкент йўналишларидаги қатновларни янада қулайлаштиргани қайд этилган. Бундан ташқари, Фарғона водийсига чиқиш учун қулай имконият яратган Деҳли-Наманган тўғридан-тўғри авиарейси йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланган.
Ўзбекистон ўзини шунчаки анъанавий экскурсия маскани эмас, балки премиум-сегмент, корпоратив туризм (MICE) ва йирик оилавий тантаналар ташкилотчиларининг талабларини тўлиқ қондиришга қодир бўлган диверсификациялашган хаб сифатида намоён этмоқда, дея урғуланган мақолада.
Ўзбекистон ҳақида жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларида тизимли равишда мақолалар чоп этилаётгани мамлакатимиз сайёҳлик индустриясининг экспорт салоҳияти сифат жиҳатидан янги босқичга чиқаётганини тасдиқламоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




