Ўзбекистон элчихонасида Украиналик тадбиркорлар билан иқтисодий соҳада мулоқот бўлиб ўтди
Ноябрь 28, 2025. 12:35 • 2 дақ
• 111КИЕВ, 30 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Украинадаги Элчихонасида “U Win Business Club” уюшмаси аъзолари иштирокида мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“U Win business club” Украинанинг ғарбий ҳудудлари – Львов, Волинь, Ивано-Франковск ва Тернополда фаолият юритаётган йирик тадбиркорларни бирлаштирган нуфузли жамият ҳисобланади.
Учрашувда ушбу жамиятга аъзо йирик бизнес ва инвестиция соҳаси вакиллари қатнашиб, икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масаласида фикр-мулоҳаза алмашди.
Хусусан, мулоқот давомида “Три слони”, “Гора”, “Development West Group”, “Виденська кава”, “Маркквейн Украина”, “Biscotti”, “Citadel Inn”, “Shoco”, “Laluce”, “Daily Dose”, “Флорбест”, “TOPHIM”, “Budmall”, “Sollar Energy”, “Amway”, “Черноморка” каби йирик компанияларнинг раҳбарлари бевосита ва онлайн тарзда мавзу юзасидан ўз фикрларини баён этди.
Дипломатларимиз украиналик тадбиркорларни қизиқтирган масалалар бўйича батафсил маълумот берди. Жумладан, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар, мамлакатимизнинг савдо-инвестицион, транспорт-логистика, консалтинг хизматлари, текстиль ва ахборот технологиялари соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятлари бўйича тушунча берилди.
Украиналик ишбилармонлар юртимиздаги маҳаллий компаниялар билан савдо-иқтисодий йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ўзбекистонга инвестиция киритиш юзасидан қатор қизиқарли таклиф ва амалий бизнес ташаббусларни илгари сурди.
Тадбир якунида икки томон ҳам учрашувнинг муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаб, Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва бизнес учун янги йўналишларни излашга тайёр эканлигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди

