Ўзбекистон, Германия ва Туркия ишбилармонлари ўртасида бизнес-форум ташкил этилади

Май 22, 2026. 09:25 • 2 дақ

70
Ўзбекистон, Германия ва Туркия ишбилармонлари ўртасида бизнес-форум ташкил этилади

ФРАНКФУРТ-МАЙН, 22 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонасида Германия–Туркия бизнес-ҳамжамияти раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар давомида Ўзбекистон, Германия ва Туркия ишбилармон доиралари ўртасидаги уч томонлама самарали ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда тўғридан-тўғри шериклик муносабатларини ўрнатиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда асосий эътибор икки мамлакат тадбиркорлари, тармоқ уюшмалари ва вакиллари иштирокида қўшма бизнес-форум ташкил этишга қаратилди. Томонлар ушбу тадбир Ўзбекистоннинг инвестициявий ва экспорт салоҳиятини Германиянинг нуфузли саноат марказларида кенг намойиш этиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.

Мулоқот жараёнида амалий ҳамкорликни изчил ривожлантириш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, шу йилнинг октябрь ойида DTGB делегациясининг Ўзбекистонга амалий ташрифи уюштирилади. Мазкур сафар доирасида юртимиз тадбиркорлари билан учрашувлар, янги шериклар излаш ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий шартномалар тузиш юзасидан музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.

Франкфурт-Майн шаҳрида ушбу бирлашмага аъзо бўлган 150 га яқин етакчи компанияларни жалб этган ҳолда йирик бизнес-форум ўтказилади. Ушбу анжуманда Ўзбекистоннинг инвестициявий муҳити ва туризм жозибадорлиги кенг қамровли тақдимотлар орқали немис ва турк сармоядорлари эътиборига ҳавола этилиши кўзда тутилган.

   2001 йилда ташкил этилган DTGB бирлашмаси Германия, Туркия ва бошқа хорижий ҳамкорлар ўртасидаги савдо-инвестициявий алоқаларни қўллаб-қувватловчи йирик тузилмалардан бири ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш