Санкт-Петербургда ўзбек дизайнери коллекцияси катта қизиқиш билан қарши олинди
Август 21, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 102САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 21 август. /“Дунё” АА/. Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган “MODAM Fashion Weekend” халқаро мода ҳафталигининг янги мавсумида ватандошимиз Моҳинур Камолова “Ҳумо” номли муаллифлик коллекцияси билан иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Моҳинур Камолова Санкт-Петербург давлат саноат технологиялари ва дизайн университетининг 1-босқич магистранти ҳисобланади. У касбий фаолиятини Санкт-Петербург шаҳридаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакили ҳамда Ленинград вилояти “Дўстлик уйи” лойиҳалари иштирокчиси сифатидаги фаол жамоатчилик ишлари билан муваффақиятли давом эттириб келмоқда.
Афсонавий Ҳумо қуши образидан илҳомланган коллекция концепцияси ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилган миллий “икат” газламалари, қўл меҳнати, шиша мунчоқлар ва табиий парлар уйғунлигига асосланган.
Ўзбек дизайнерининг тақдимоти Россия аудиториясида катта қизиқиш уйғотди ва юқори баҳоланди. Намойиш якунлари оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги ихтисослашган fashion жамоатчилиги томонидан кенг ёритилди.
“MODAM Fashion Weekend” – мода, гўзаллик ва санъат соҳаларини бирлаштирувчи халқаро тадбир ҳисобланади. Ҳафталикда Россиянинг машҳур дизайнерлари (Стас Лопаткин, Ольга Большева, “KOGEL” мода уйи) билан бир қаторда, Франция, Ўзбекистон ва Қозоғистондан келган мутахассислар ўз ижодий ишларини тақдим этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



