Ўзбекистон микробиологик ўғитлари Мисрда синовдан ўтказилади
Август 18, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 176
ҚОҲИРА, 18 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг “Agro EM Technology” компанияси ҳамда Миср қишлоқ хўжалиги ўғитлари қўмитаси вакиллари ўртасида онлайн музокара бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги ва биотехнологиялар соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида “Agro EM Technology” вакиллари томонидан юртимизда ишлаб чиқилган, фойдали микроорганизмлар базасига асосланган “mgumi organic” микробиологик ўғитини Миср бозорига олиб кириш ва маҳаллий иқлим ҳамда тупроқ шароитларига мослаштирган ҳолда ҳамкорликда ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.
Ўзбекистон томони ушбу маҳсулотни Мисрда муваффақиятли рўйхатдан ўтказиш ва келгусида тижорий ҳамда технологик шерикликни йўлга қўйиш мақсадида мисрлик олимлар билан биргаликда илмий баҳолаш ва дала синовларини ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Ўз навбатида, Миср қишлоқ хўжалиги ўғитлари қўмитаси раиси Самир Эл Гунди маҳсулотни Мисрда расмий рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлаш учун зарур бўлган ҳуқуқий ва техник талабларни тушунтириб ўтди.
Мисрлик мутахассислар томонидан маҳсулот таркибидаги ҳар бир микроорганизм турини аниқлаш, уларнинг фаоллиги ва концентрат даражасини асослаш ҳамда кетма-кет икки вегетация мавсуми давомида тупроқ ва экинларга таъсири бўйича лаборатория ҳамда дала синовларини ўтказиш зарурати таъкидланди.
Музокаралар якунида ўзбекистонлик мутахассисларнинг Мисрга амалий ташрифини уюштириш, тақдимот ўтказиш ва дала синовларини бошлаш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси