2 кундан сўнг Қозоғистонда Қурултойнинг биринчи таркиби депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади
Август 21, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 94
ОСТОНА, 21 август. /“Дунё” АА/. 23 август куни Қозоғистонда янги конституция кучга кирганидан сўнг шакллантирилаётган бир палатали парламент – Қурултой депутатлари илк бор сайланади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Илгари мавжуд бўлган Сенат ва Мажилис ўз фаолиятини тўхтатди, янги қонун чиқарувчи орган эса беш йил муддатга сайланадиган 145 нафар депутатдан иборат бўлади. 145 та мандат учун еттита партиядан 545 нафар номзод кураш олиб бормоқда – бу ўртача ҳар бир ўринга деярли тўрттадан даъвогар тўғри келишини англатади.
Энг кўп номзод “Адилет” партиясидан кўрсатилган – 186 нафар. Ундан кейинги ўринларда “Республиcа” – 75, Қозоғистон халқ партияси – 72, “Овул” – 69, “Ақ жол” – 63, “Байтақ” – 47 ва ЖСДП – 33 нафар номзод билан бормоқда.
Шу билан бирга, сайловчилар алоҳида номзодларни сайламайди. Барча 145 нафар депутат ягона умуммиллий сайлов округи бўйича партиявий рўйхатлар асосида аниқланади. Қурултойга кириш учун партиялар 5 фоизлик тўсиқдан ўтиши лозим.
Иштирокчилар таркиби анча кенгайган: 545 нафар номзод орасида 172 нафари аёллар, 74 нафари 35 ёшгача бўлганлар ва 19 нафари ногиронлиги бўлган фуқаролардир. Даъвогарларнинг ўртача ёши 45,4 ёшни ташкил этади. Рўйхатлардан тадбиркорлар, собиқ депутатлар, давлат хизматчилари, олимлар, шифокорлар, ўқитувчилар, спортчилар ва жамоатчилик вакиллари ўрин олган.
Овоз бериш учун 12,7 миллион дона сайлов бюллетени тайёрланди. Аксарият сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 07:00 дан 20:00 гача ишлайди. Қозоғистондан ташқарида 61 та мамлакатда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам 79 та участка очилади. Сайловчилар рўйхатига 12,6 миллиондан ортиқ фуқаро киритилган.
Парламент сайловлари янгиланган сиёсий тизимга ўтиш жараёнини якунлаши кутилмоқда. Шу билан бирга, Қозоғистонда президентлик бошқарув модели сақланиб қолади. Қосим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, янги парламентдан қонунчилик фаолиятини тезроқ юритиш, экспертларни фаол жалб этиш ҳамда рақамлаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантириш билан боғлиқ чақириқларга зудлик билан жавоб қайтариш қобилияти кутилмоқда.
Шундай қилиб, 23 август куни бўлиб ўтадиган овоз бериш шунчаки навбатдаги парламент сайловлари кампанияси бўлибгина қолмай, балки Қозоғистоннинг янги конституциявий модели доирасидаги қонун чиқарувчи органнинг илк бор шакллантирилиши бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси