Мисрнинг нуфузли компанияси Ўзбекистонга 10 йиллик ҳамкорлик режасини таклиф қилди
Июль 24, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 90
ҚОҲИРА, 24 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Мисрнинг “Wadi El-Neel” фармацевтика компанияси вакиллари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон элчихонаси хабарига кўра, мулоқот чоғида агентлик вакиллари томонидан мамлакатимиздаги фармацевтика эркин иқтисодий зоналарининг инвестициявий имкониятлари, хорижий инвесторлар учун яратилган солиқ ва коммуникация имтиёзлари ҳамда меҳнат ресурсларидан фойдаланиш шарт-шароитлари ҳақида маълумот берилди.
Миср томони Ўзбекистонга инвестиция киритишга катта қизиқиш билдириб, ўн йиллик ҳамкорлик режасини таклиф этди. Лойиҳанинг дастлабки беш йиллик босқичида “Wadi El-Neel” компанияси мамлакатимизга гемодиализ ускуналари ва дори воситаларини етказиб берувчи эксклюзив ҳамкор сифатида фаолият юритишни, шунингдек, Марказий Осиёдаги барча буюртмаларни айнан Ўзбекистондаги расмий вакил орқали амалга оширишни режалаштирмоқда.
Иккинчи босқичда эса Ўзбекистон ҳудудида маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, илғор технологиялар трансфери ва “ноу-хау”ни тақдим этиш назарда тутилган.
Учрашув якунида компания маҳсулотларига оид тегишли материаллар Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилди. Иштирокчилар махфийлик тўғрисидаги битимни имзолаш, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Wadi El-Neel” ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида навбатдаги учрашувларни ташкил этишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси