Ўзбекистон ва Қирғизистон тадбиркорлари 42,4 миллион долларлик экспорт битимларини имзолади
Июль 24, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 79ЎШ, 24 июль. /“Дунё” АА/. Ўш шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг 300 нафардан ортиқ ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур форумда мамлакатимиз Савдо-саноат палатаси, Кичик бизнес ассоциацияси, Ўш шаҳридаги Бош консулхона, Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциацияси, ҳамкор ташкилотлар ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари иштирок этди.
Тадбирда Ўш шаҳри мэри Жанар Акаев, Қирғизистон Савдо-саноат палатасининг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятлари бўйича раҳбари Канторо Турдубаев, Тадбиркорлар уюшмаси вакили Шавкат Муҳамеджанов, маҳаллий ишбилармонлар ва туризм компаниялари вакиллари қатнашди.
Форумнинг расмий қисмида сўзга чиққан Ўш шаҳри мэри Жанар Акаев Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, икки мамлакат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли ўзаро муносабатлар изчил ривожланмоқда. Давлат чегарасига оид масалаларнинг ҳал этилгани эса икки халқ ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тадбир доирасида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳияти ҳақида видеотақдимот намойиш этилди. Шундан сўнг икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида B2B форматида учрашувлар ва музокаралар ташкил қилинди.
Музокараларда ўзаро савдо ҳажмини ошириш, экспорт-импорт операцияларини кенгайтириш, қўшма инвестиция ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилиниб, қатор амалий келишувларга эришилди.
Форум якунларига кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Қирғизистонга экспорт қилиш бўйича умумий қиймати 42,4 миллион АҚШ долларига тенг шартномалар имзоланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




