Россияда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида сўз юритилди
Июль 24, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 98
ОМСК, 24 июль. /“Дунё” АА/. Омск вилояти Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтида Ўзбекистондаги замонавий ислоҳотлар, уларнинг ижтимоий-иқтисодий натижалари ва мамлакатимизнинг халқаро майдонда ортиб бораётган ролига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Қайд этилишича, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар давлат ва жамият ривожланишининг деярли барча асосий соҳаларини қамраб олмоқда. Аҳоли турмуш сифатини ошириш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ташаббусларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мақоланинг алоҳида бўлими маҳалла институтини ривожлантиришга бағишланган. Амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатларини кенгайтириш, уларнинг молиявий базасини мустаҳкамлаш, маҳаллий ташаббуслар, аҳоли бандлиги ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этишни назарда тутиши таъкидланган.
Муаллифлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга изчил тайёргарлик кўраётганига эътибор қаратган. Миллий қонунчиликни халқаро нормаларга мувофиқлаштириш, савдо тартиб-таомилларини либераллаштириш ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига янада интеграциялашувига хизмат қилаётгани таъкидланади.
Бундан ташқари, россиялик ўқувчиларга Ўзбекистоннинг олий таълим соҳасида эришган ютуқлари тақдим этилган. Мамлакатимиз олий ўқув юртларининг “THE Sustainability Impact Ratings 2026” халқаро рейтингида муваффақиятли иштирок этгани таълим ва илмий фаолият сифатининг ортиб бораётганидан, шунингдек, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қўшаётган ҳиссасидан далолат бериши қайд этилган.
Материалда, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиевнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини юқори баҳолаган фикрлари келтирилган. Унинг фикрича, давлат бошқарувини изчил модернизация қилиш, очиқ иқтисодиётни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш ва ўзгаришларни амалга оширишда инсон марказли ёндашув Янги Ўзбекистон тажрибасини оммабоп ва кўплаб давлатлар учун амалий қизиқиш уйғотадиган даражага олиб чиқди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси