Европа Иттифоқида иммигрантлар ўртасидаги бандлик даражаси рекорд даражага етди

Июль 24, 2026. 10:30 • 2 дақ

84
Европа Иттифоқида иммигрантлар ўртасидаги бандлик даражаси рекорд даражага етди

БРЮССЕЛЬ, 24 июль. /“Дунё” АА/. 2025 йилда Европа Иттифоқида иммигрантлар ўртасидаги бандлик даражаси рекорд кўрсаткичга етиб, маҳаллий аҳоли билан орадаги фарқни қисқартирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Шу билан бирга, мигрантларнинг меҳнат салоҳиятининг катта қисми ҳамон ишга солинмаган. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги танишиб чиққан “ROCKWOOL Foundation Berlin” (RFBerlin) жамғармаси тадқиқотида сўз юритилган.

“RFBerlin” ҳузуридаги Миграцияни тадқиқ қилиш ва таҳлил қилиш маркази (CReAM) томонидан “Eurostat” маълумотлари асосида ўтказилган тадқиқотга кўра, иммигрантлар ўртасидаги бандлик даражаси бир йил аввалги 67,8 фоиздан 2025 йилда 68,2 фоизгача ошган.

“CReAM” директори ўринбосари Томмазо Фраттинининг айтишича, ишлаётган иммигрантлар улуши йиллар давомида ўсиб бормоқда ва айни пайтга келиб ўзи яшаётган мамлакатда туғилган аҳолининг бандлик даражасига яқинлашган.

Шунингдек ўқинг

Энг сезиларли ўсиш Европа Иттифоқи (ЕИ)га аъзо бўлмаган мамлакатлардан келган иммигрантлар орасида қайд этилган. 2017 йилдан 2025 йилгача уларнинг бандлик даражаси 6,6 фоизга ошиб, 59,4 фоиздан 66 фоизга етган. ЕИ мамлакатларидан келган иммигрантлар орасида бу кўрсаткич 71,1 фоиздан 74,8 фоизга, маҳаллий аҳоли орасида эса 67,2 фоиздан 71,6 фоизга кўтарилган.

Шу билан бирга, кўрсаткичлар мамлакатлар ўртасида сезиларли даражада фарқланади. ЕИдан ташқаридаги давлатлардан келган иммигрантлар орасида энг юқори бандлик даражаси Мальта, Чехия ва Ирландияда кузатилган бўлса, Бельгия ва Финляндияда бу кўрсаткич анча паст.

Германияда ЕИдан ташқаридаги иммигрантлар орасида бандлик даражаси 66,1 фоизни, мамлакатда туғилган аҳоли орасида эса 79,6 фоизни ташкил этади.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, сақланиб қолаётган тафовут, биринчи навбатда, ЕИ ташқарисидаги мамлакатлардан келган аёллар ҳамда юқори малакали мигрантларга тегишлидир. “RFBerlin” директори Кристиан Дустманнинг сўзларига кўра, бугунги кунда асосий вазифа нафақат иммигрантларни иш билан таъминлаш, балки уларнинг касбий кўникмаларидан тўлароқ фойдаланишдан иборатдир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси