«Eldameer»: Ўзбекистон Президентининг Сербияга ташрифи Марказий Осиё ва Болқон ўртасидаги иқтисодий шерикликнинг янги босқичидир

Сентябрь 07, 2026. 21:00 • 2 дақ

45
«Eldameer»: Ўзбекистон Президентининг Сербияга ташрифи Марказий Осиё ва Болқон ўртасидаги иқтисодий шерикликнинг янги босқичидир

ҚОҲИРА, 7 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг нуфузли “Eldameer” ахборот порталида Ўзбекистон Президентининг Сербияга ташрифига бағишланган таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, бугунги глобаллашув ва геосиёсий ўзгаришлар даврида давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик нафақат географик яқинлик, балки муштарак манфаатлар уйғунлигига асосланиши лозим. Ўзбекистоннинг мустақил ва вазмин ташқи сиёсати турли минтақалар, жумладан, Болқон давлатлари, хусусан, Сербия билан ҳамкорликни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.

Нашрда қайд этилишича, 1995 йил 18 январда ўрнатилган дипломатик муносабатлар сўнгги уч-тўрт йил ичида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ва Сербия Президенти Александар Вучичнинг 2023 йил Будапештда ва 2025 йил Пекинда ўтказган учрашувлари икки томонлама алоқаларга кучли суръат бағишлади. Шунингдек, сиёсий маслаҳатлашувлар, ташқи ишлар вазирликлари мулоқотлари ҳамда Ўзбекистоннинг Сербиядаги илк элчисининг тайинлангани муносабатларни фаоллаштиришда муҳим қадам бўлди.

Мир оммавий ахборот воситасида қайд этилишича, Сербия Ўзбекистон учун Болқон минтақаси мамлакатлари билан алоқаларни кенгайтиришда муҳим дарвоза ҳисобланади. Ўзбекистон томони Сербиядан саноат ускуналари, машиналар ва технологияларни импорт қилиш, қўшма корхоналар ташкил этишдан манфаатдор. Ўз навбатида, Сербия қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, рақамлаштириш, сунъий интеллект, фармацевтика ва тўқимачилик соҳаларига инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда.

Шунингдек ўқинг

Мақолада транспорт-логистика масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Стратегик чорраҳада жойлашган Ўзбекистон “Марказий Осиё – Болқон” йўналиши бўйлаб янги транспорт коридорларини очиш, Транскаспий коридори доирасида ҳамкорлик қилишга интилмоқда. Бу логистика самарадорлигини ошириш, етказиб бериш муддатларини қисқартириш ҳамда транзит салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш имконини беради.

Якунда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги ушбу янги иқтисодий кўприк иккала минтақа учун ҳам муҳим ўсиш нуқтаси бўлиб хизмат қилади ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида мамлакатнинг халқаро майдондаги ишончли ҳамкор сифатидаги ролини янада мустаҳкамлайди.


Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш