Элдор Арипов: Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар тарихий юксалиш йўлида
Март 13, 2026. 18:30 • 5 дақ
• 128
БОКУ, 13 март. /“Дунё” АА/. 12-14 март кунлари Озарбайжон пойтахтида Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказ томонидан ташкил этилган XIII Глобал Боку форуми бўлиб ўтмоқда, деб хабар қилади “Дунё” АА мухбири.
Унинг ишида 400 га яқин хорижий вакиллар, жумладан, собиқ ва амалдаги давлат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар аъзолари, экспертлар иштирок этди.
Форум “Бўлинган дунёда кўприклар қуриш” шиори остида бўлиб ўтди ва халқаро тизим трансформациясининг асосий тенденциялари, кўп томонламалик инқирози, глобал хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масалаларини муҳокама қилишга бағишланди.
Тадбирнинг асосий иштирокчилари орасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Албания Президенти Байрам Бегай, Черногория Президенти Яков Милатович, Тимор-Лешти Президенти Жозе Рамушу Орта, шунингдек, БМТ бош котибининг ўринбосарлари Анхель Моратинос ва Анаклаудия Россбах, ЮНКТАД бош котиби Ребека Гринспан, ЖССТ бош директори Тедрос Адхан Гебрейесус ва бошқалар бор.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов форумнинг ялпи сессиясидаги нутқи ҳамда Озарбайжон ОАВларига берган шарҳлари давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар тарихий юксалиш босқичида эканлигини таъкидлади. Икки давлат ўртасидаги алоқаларни сиёсий ишонч, иқтисодий прагматизм ва узоқ муддатли манфаатларнинг мос келишига асосланган тизимли шериклик сифатида тавсифлади.
Элдор Арипов икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли шахсий муносабатларнинг юқори даражасини алоҳида таъкидлади, бу эса ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам сиёсий асос яратади. “Икки томонлама кун тартиби изчил ва комплекс ривожланмоқда. Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлиги нафақат савдо, саноат, энергетика каби анъанавий йўналишларни, балки рақамли технологиялар, инновациялар, саноат кооперациясининг замонавий шакллари каби янги соҳаларни ҳам қамраб олади”, - деди СМТИ директори.
“Хитой ва глобал бошқарув ташаббуси” сессиясидаги нутқи доирасида Элдор Арипов глобал бошқарув тизимининг инқирози тобора чуқурлашиб бораётганига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, мавжуд халқаро механизмлар кўпинча дунёнинг етакчи давлатлари ўртасида келишилган қарорларни ишлаб чиқишни таъминлашга қодир эмас.
Шундай шароитда, дея таъкидлади СМТИ директори, халқаро ҳамжамият амалда жаҳон тизимининг келгуси ривожланиш йўлини танлаш борасида жиддий танлов қаршисида турибди. “Ёки кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали механизмларини тиклашга эришилади, ёки жаҳон тартиби кучлар мувозанати ва стратегик тийиб туриш мантиқи асосида шаклланади — бу тенденцияларни биз бугун дунёнинг кўплаб минтақалари мисолида аллақачон кузатмоқдамиз”, — деди у.
Шу нуқтаи назардан, конструктив мулоқот ва муроса йўлларини излаш имкониятларини қўлдан бой бермаслик айниқса муҳимдир, дея қайд этди Элдор Арипов.
Ўзбекистонлик эксперт фикрича, Пекин томонидан таклиф этилаётган ташаббуслар жаҳон тизимининг келажаги ҳақидаги халқаро мунозарани ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшади. Мазкур масалаларнинг мазмунли муҳокамаси кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича янги ёндашувларни ишлаб чиқишга, шунингдек, ҳозирги замоннинг асосий глобал муаммоларига нисбатан мувозанатли ечимларни топишга хизмат қилиши мумкин.
СМТИ директори Хитой жаҳон тартибига шунчаки муқобил қарашни эмас, балки бошқарувнинг ўзга фалсафасини таклиф этаётганини таъкидлади. “Пекин универсал тамойиллар ҳақида сўз юритмоқда. Унга кўра, кичик давлатларнинг овози йирик давлатлар овози билан тенг аҳамият касб этиши, халқаро ҳуқуқ эса икки хил стандартларсиз қўлланилиши лозим”, — деди у.
Бу фикрни давом эттирар экан, Элдор Арипов Хитойнинг Марказий Осиёдаги ўзгариб бораётган ролига доир баҳоларини тақдим этди. У сўнгги йилларда ХХР минтақа мамлакатларининг асосий иқтисодий ҳамкорига айланганини таъкидлади.
Хусусан, 2025 йил якунларига кўра, Хитой билан Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо ҳажми 100 миллиард доллардан ошди. Шу билан бирга, иқтисодий ҳамкорликнинг фаоллашуви инвестициявий ҳамкорликнинг барқарор ўсиши билан ҳам кечмоқда. Унинг қайд этишича, сўнгги ўн йил ичида минтақа давлатларидаги Хитойнинг тўғридан тўғри инвестициялари ҳажми икки баравардан ортиққа ошиб, қарийб 40 миллиард долларга етган.
Элдор Арипов ўзаро ҳамкорликнинг янги институционал архитектурасини шакллантиришга ҳам эътибор қаратди. Агар илгари Хитой билан ҳамкорлик асосан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида амалга оширилган бўлса, бугунги кунда доимий котибиятни таъсис этган ҳолда “Марказий Осиё – Хитой” алоҳида формати шакллантирилди.
Институт директорининг фикрича, Марказий Осиёнинг Хитой билан ҳамкорлигининг муҳим йўналиши инфратузилма ва транспорт боғлиқлигини ривожлантиришдир. Мисол тариқасида у Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўли қурилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳа Марказий Осиёни Каспий денгизи орқали Озарбайжон, Грузия, Туркия ва ундан кейин Европа бозорлари билан боғлайдиган Ўрта коридор билан боғлаш учун катта салоҳиятга эга.
Элдор Арипов таъкидлаганидек, “Хитой иштирокида яратилаётган инфратузилма минтақанинг кенгроқ трансконтинентал тармоқларга интеграциялашувига ёрдам беради ва уни кўплаб ҳамкорлар, жумладан, халқаро инвесторлар, логистика операторлари ва молия институтлари учун очади”.
“Бундай боғлиқлик янги имкониятлар яратади, имкониятлар эса, ўз навбатида, стратегик автономияни мустаҳкамлайди”, - деди Институт директори.
Шу билан бирга, Элдор Ариповнинг таъкидлашича, ушбу моделнинг узоқ муддатли муваффақияти кўп жиҳатдан лойиҳаларнинг шаффофлиги, уларнинг бошқа халқаро институтлар билан мувофиқлиги ва миллий ривожланиш стратегияларининг ҳурмат қилинишига боғлиқ.
Хулоса ўрнида, СМТИ директори ҳамкорликнинг табиати ва Хитойнинг Марказий Осиёдаги ўсиб бораётган роли глобал бошқарув тизимининг янада плюралистик ва ўзаро боғлиқ бўлиб бораётган кенгроқ трансформациясини акс эттиришини таъкидлади.
Элдор Арипов бугунги кунда Марказий Осиё Россия, Хитой, Европа, Туркия, Форс кўрфази мамлакатлари ва халқаро институтлар билан фаол ҳамкорлик қилаётганини эслатиб ўтди. Шу билан бирга, шаклланаётган ҳамкорлик механизмлари рақобатга киришмасдан, бир-бирини тўлдириши, шерикликнинг ривожланиши эса суверенитетни мустаҳкамлашга ёрдам бериши муҳим шарт бўлиб қолмоқда. “Марказий Осиё тажрибаси бундай мувозанатга эришиш мумкинлигини кўрсатади”, - дея хулоса қилди у.
Эслатиб ўтамиз, Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказ халқаро муносабатлар, минтақавий хавфсизлик ва цивилизациялараро мулоқот масалаларига ихтисослашган Озарбайжоннинг етакчи таҳлилий марказидир.
Ушбу платформанинг ўзига хос хусусияти шундаки, у амалдаги ва собиқ давлат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини бирлаштирган кўп даражали форматга эга.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси