Logo

Тошкент вилояти делегацияси Лаҳордаги музокаралар чоғида Покистон ва бошқа мамлакатларга маҳсулот экспортини кенгайтириш бўйича аниқ лойиҳаларни муҳокама қилмоқда

Март 13, 2026. 15:54 • 2 дақ

61
Тошкент вилояти делегацияси Лаҳордаги музокаралар чоғида Покистон ва бошқа мамлакатларга маҳсулот экспортини кенгайтириш бўйича аниқ лойиҳаларни муҳокама қилмоқда

ЛАҲОР, 13 март. /“Дунё” АА/. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Покистонга амалий ташрифи доирасида Лаҳор шаҳрида “Zarea” раҳбари Али Алам Қамар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокараларда Тошкент вилоятида хорижий инвесторлар учун яратилган қулай инвестиция муҳити, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Учрашувда “Zarea” компанияси орқали Тошкент вилояти иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, Ўзбекистон маҳсулотларини экспорт қилиш ва электрон тижорат соҳасида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Али Алам Қамар компаниянинг халқаро бозордаги ўрни ва замонавий электрон савдо платформаси сифатида фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди. Унинг таъкидлашича, “Zarea” текстиль, қишлоқ хўжалиги товарлари ва қурилиш материалларини Покистон ички бозори ҳамда Кўрфаз ва Яқин Шарқ давлатларига экспорт қилади.

Шунингдек ўқинг

Ўз навбатида, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни, жумладан узум ва қуритилган меваларни Яқин Шарқ бозорига чиқаришда “Zarea” билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини билдирди.

Шу билан бирга, учрашувда замонавий омборхоналар ва логистика марказларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги техникаларини экспорт қилиш ва қўшма саноат лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида Тошкент вилояти ҳокимлиги ва “Zarea” компанияси ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга оид ҳамкорлик келишуви имзоланди. Томонлар бундай ҳамкорлик икки давлат ишбилармон доиралари учун ҳам манфаатли бўлиши ва савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш