Душанбеда ўтказилган Ўзбекистон ва Тожикистон ректорларининг III форумида икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида 20 дан ортиқ келишув имзоланди
Март 13, 2026. 17:52 • 2 дақ
• 98
ДУШАНБЕ, 13 март. /“Дунё” АА/. Бугун Тожикистон давлат педагогика университети биносида III Ўзбекистон-Тожикистон ректорлар форуми очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирнинг кириш қисмида Тожикистон таълим ва фан вазири Раҳим Саидзода, Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчиси Эргаш Шаисматов ва бир қатор ректорлар сўзга чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги ривожланиб бораётган иттифоқчилик алоқалари ҳамда таълим соҳасидаги ҳамкорликлар ҳақида гапирдилар.
Форумда икки мамлакатнинг 70 дан ортиқ олий ўқув юртлари ректорлари иштирок этди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон олий таълим муассасалари ўртасида 20 дан ортиқ ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Бундан ташқари, икки давлат таълим вазирларининг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Унда мамлакатлар ўртасида академик алмашинувларни жадаллаштириш, хорижий талабаларнинг таълим олиш шароитларини яхшилаш, олий таълим муассасалари ўртасида қўшма лойиҳани ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якунида Қўнғиротбой Шарипов Раҳим Саидзодага 13-14 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё университетлари конгрессига расмий таклифнома топширди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси