ЕИ Украина ва Молдованинг Евроиттифоққа аъзо бўлиши бўйича биринчи музокаралар кластерини очишга тайёргарликни бошлади

Июнь 04, 2026. 19:55 • 2 дақ

34
ЕИ Украина ва Молдованинг Евроиттифоққа аъзо бўлиши бўйича биринчи музокаралар кластерини очишга тайёргарликни бошлади

БРЮССЕЛЬ, 4 июнь. /“Дунё” АА/. Европа Иттифоқи Кенгашига раислик қилаётган Кипр Украина ва Молдованинг блокқа қўшилиши бўйича биринчи музокаралар кластерини расман очишга тайёргарлик бошланганини эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири мамлакатнинг Кенгашдаги раислиги тарқатган маълумотга таяниб.

“Бу воқеа уларнинг (Украина ва Молдова) Европа интеграцияси йўлидаги муҳим босқични англатади ҳамда Европа Иттифоқининг ҳамжиҳатлиги ва қатъиятининг ёрқин далилидир. Яқин кунларда биз ушбу кластер бўйича музокараларни расман очиш мақсадида Кенгашдаги муҳокамаларни якунлаш учун мақсадли ишларни давом эттирамиз”, – дейилади Х ижтимоий тармоғидаги хабарда.

“DW” нашри маълумотларига кўра, Киев ва Брюссель март ойи ўрталаридаёқ экспертлар даражасида норасмий тарзда Украинанинг Евроиттифоққа қўшилиши бўйича барча музокаралар кластерларини очиб бўлган. Кипр Президенти Никос Христодулидис аввалроқ Кипрнинг ЕИ Кенгашига раислиги даврида Украина асосий устувор йўналиш бўлишини таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, 10 март куни Венгрия парламенти кўпчилик овоз билан Украинанинг Евроиттифоққа аъзолигини рад этувчи резолюцияни қабул қилган. Ҳужжатда Брюсселда сўнгги пайтларда гўёки “кескинлашув хавфини оширадиган” қарорлар қабул қилингани, Киевнинг Евроиттифоққа кириши эса бутун блокни урушга тортиши мумкинлиги айтилган.

Шунингдек ўқинг

Бироқ, бир ой ўтиб Венгрияда ўтказилган парламент сайловларида мухолифатдаги “Тиса” партияси ғалаба қозонди. Мамлакат бош вазирига айланган партия етакчиси Петер Мадьяр 3 июнь куни “Facebook”да Украинада истиқомат қилувчи 100 минг кишилик венгер миллий озчилигининг тил, таълим, маданият ва сиёсий ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича Украина билан “кенг қамровли келишув”га эришилганини маълум қилди.

Венгрия бош вазирининг сўзларига кўра, Украинанинг бу мажбуриятлари “унинг Европа Иттифоқи бўйича ҳаракатлар режасида ҳам ўз аксини топади”.

“Агар шундай бўлса, Венгрия ҳукумати Украинанинг аъзолик бўйича музокараларининг биринчи раундини очишни қўллаб-қувватлайди”, – деди Петер Мадьяр. Шу билан бирга, у Венгрия Киевнинг Евроиттифоққа тезлаштирилган тартибда аъзо бўлишини қўллаб-қувватламаслигини таъкидлади.

Бугун Украина бош вазири Юлия Свириденко “ЕИнинг барча давлатлари” Украина ва Молдова билан биринчи кластер масалалари бўйича музокараларни бошлашга рози бўлганини айтиб, мамлакат “ЕИ аъзолигига бир қадам яқинлашганини” қўшимча қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш