Эстон миллий телевидениеси Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ҳақида фильм намойиш этмоқда
Ноябрь 11, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 101
ТАЛЛИН, 11 ноябрь. /“Дунё” АА/. Эстон миллий телерадиокомпанияси (“ERR”) томонидан Ўзбекистоннинг тарихий, маданий, туристик ва гастрономик салоҳиятига бағишланган ҳужжатли фильм ҳар ҳафта эфирга узатилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Фильм “Gastrotrevel – Меҳмонга бормоқда” дастури доирасида эфирга узатилиб, томошабинларни Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, миллий анъаналари ва туристик имкониятлари билан яқиндан таништиради.
Сюжетларда Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, замонавий архитектураси ва мамлакатимизнинг тарихий-маънавий мероси, жумладан, Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, телетомошабинларга ўзбекона меҳмондўстлик, миллий урф-одатлар, анъанавий ошхона ва ош тайёрлаш жараёни намойиш этилмоқда.
“ERR” Эстониянинг кенг аудиторияга эга етакчи жамоавий телерадиокомпанияси ҳисобланади. Телевизион эфирдан ташқари, фильм компаниянинг рақамли “Jupiter” платформасида ҳам жойлаштирилган бўлиб, бу уни нафақат Эстония аҳолиси, балки Болтиқбўйи ва Шимолий Европанинг бошқа давлатлари томошабинлари ҳам кўриш имкониятини беради.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг туристик брендини Шимолий Европа мамлакатларида тарғиб қилиш ҳамда ушбу минтақадан келаётган хорижий сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси