Ўзбекистон Президенти Анталия шаҳрида Жаҳон иқлим саммитининг очилиш маросимида иштирок этди
Ноябрь 11, 2026. 17:50 • 3 дақ
• 34
ТОШКЕНТ, 11 ноябрь. /“Дунё” АА/. Амалий ташриф билан Туркияда бўлиб турган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги ҳаракатлар бўйича Жаҳон саммитининг очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасида Анталия шаҳрида бўлиб ўтмоқда.
Очилиш маросимида турли мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда молиявий институтлар бошлиқлари ҳам қатнашди.
Саммит доирасида делегациялар раҳбарларининг биргаликда суратга тушиш маросими бўлиб ўтди.
“Барқарор, осойишта ва адолатли келажак сари” шиори остида ўтаётган етакчилар саммити иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва глобал экологик мажбуриятларни бажариш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларга янги суръат бағишлашга қаратилган.
COP31 конференцияси 9 ноябрь куни бошланган ва 20 ноябрь кунига қадар давом этади. Унда давлатлар, халқаро ташкилотлар, ишбилармон ва илмий доиралар, фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этмоқда. Париж битимини ҳаётга татбиқ қилиш, ҳавога иссиқхона газларини чиқаришни қисқартириш, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш, иқлим молияси қамровини кенгайтириш ҳамда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш жараёнини жадаллаштириш масалалари диққат марказида бўлади.
Сув ресурслари тақчиллиги, тупроқнинг таназзулга учраши, музликлар эриши, қурғоқчилик ва глобал исишнинг бошқа оқибатлари кучайиб бораётган шароитда бу масалалар Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси учун муҳим аҳамият касб этади.
Саммит доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳамкорлигида халқаро шериклар кўмагида ишлаб чиқилган “Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига чидамли ландшафтлар” (CLiCA) минтақавий дастурига старт берилгани бу борада муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ушбу етти йилга мўлжалланган дастурни молиялаштиришга йўналтириладиган маблағларнинг умумий ҳажми 264,4 миллион еврони ташкил этади, шундан 103,7 миллион евро Ўзбекистон учун мўлжалланган. Маблағлар ўрмонлар ва яйловларни тиклаш, қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгариши шароитида барқарор ёндашувларни жорий этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда қишлоқ аҳолисининг иқлим ўзгаришига мослашиш имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилади.
Ўзбекистон глобал иқлим кун тартиби доирасида зиммасига олган мажбуриятларни изчил бажариб келмоқда. Хусусан, 2035 йилга қадар ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган газ чиқиндиларини 2010 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 50 фоизга қисқартириш мақсад қилинган.
Мамлакатимиз БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенциясига 1993 йилда қўшилган, 2018 йилда эса Париж битими иштирокчиси бўлди. Бугунги кунда Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, сув ресурсларини тежаш ва иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш борасида халқаро ва минтақавий ташаббусларни фаол илгари сурмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси