“Euronews Italia”: Сербия Тошкентда элчихона очишга тайёргарлик кўрмоқда
Сентябрь 11, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 54
РИМ, 11 сентябрь. /“Дунё” АА/. Халқаро “Euronews Italia” телеканалининг Италия таҳририятида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Белградга расмий ташрифи якунларига бағишланган шарҳ эълон қилинди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Шарҳда қайд этилишича, ташриф чоғида Ўзбекистон ва Сербия ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзоланди. Савдо, транспорт, энергетика, рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, туризм ва меҳнат мобиллиги соҳаларида 20 та икки томонлама битим маъқулланди.
Томонлар эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларга тайёргарликни ҳам бошлаган.
Мақолада транспорт соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон ва Сербия Марказий Осиёни Европа билан боғловчи Ўрта йўлакни қўллаб-қувватлашга доир ҳужжатларни имзолади.
Сербия Президенти Александр Вучич 7–8 ой ичида Белград ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши мумкинлигини таъкидлаган.
“Euronews Italia” нашрида ёзилишича, Сербиянинг Тошкентда элчихонаси очилиши икки томонлама алоқаларнинг янада ривожланишига хизмат қилади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Белграддаги “Expo–2027” кўргазмасида алоҳида миллий павильон билан иштирок этишини маълум қилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси