Москвада “Арт-Караван: маданиятлар мулоқоти” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
Сентябрь 11, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 100МОСКВА, 11 сентябрь. /“Дунё” АА/. Москва шаҳри кўргазма заллари бирлашмасининг “Вихино” галереясида 3–30 сентябрь кунлари ўзбек ва рус рассомларининг “Арт-Караван: маданиятлар мулоқоти” номли халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий алоқалар, анъана ва замонавийлик, шунингдек, ижодкорлар ва санъатсеварлар ўртасидаги бадиий мулоқотни намойиш этишга қаратилган.
Кўргазма концепциясида “Караван” образи бежиз танланмаган. Қадимда карвонлар нафақат товарларни, балки билим, ғоялар ва бадиий образларни ҳам манзилдан-манзилга етказган бўлса, бугунги кунда ушбу эзгу миссияни рассомлар давом эттирмоқдалар. Мусаввирларнинг асарларида рус пленэр мактаби анъаналари ва Шарқнинг бетакрор колорити, олий даражадаги модернизм ҳамда шарқона миниатюра меросининг уйғунлиги алоҳида ажралиб туради.
Ўзбек ва рус рассомларининг қўшма пленэрлари, учрашувлари ва ҳамкорликдаги ижодий жараёнлари санъатнинг янги рангларини кашф этишга хизмат қилмоқда. Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг бетакрор қуёши, меъморчилиги, қадимий шаҳарлари ва муҳити ижодкорлар учун бой илҳом манбаига айланган.
Мазкур кўргазма шунчаки суратлар тўплами эмас, балки Самарқанд ва Москва, шарқона шеърият ва замонавий санъат тили туташган вақт ва макон бўйлаб саёҳатдир. Ушбу лойиҳа маданиятлар ўз ноёблигини сақлаган ҳолда бир-бирини бойитиши ва янги маънолар яратиши мумкинлигини намойиш этади.
Тадбирда Татьяна Бабушкина, Рустам Базаров, Ибрагим Валиходжаев, Виктор Глухов, Марина Кабиш, Ирина Коваленко, Ольга Кожемякина, Максим Литов, Анатолий Любавин, Дарья Мироненко, Роберт Низамов, Наталья Петрова, Алла Полковниченко, Елена Постнова, Дилором Рахимова, Хуршед Халилов, Абдулмукадим Халимов ва Виктория Харченко каби таниқли ўзбек ва рус мусаввирларининг ижодий ишлари тақдим этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси









