Ўзбекистон ва Швеция меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилмоқда

Сентябрь 11, 2026. 12:30 • 2 дақ

87
Ўзбекистон ва Швеция меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилмоқда

СТОКГОЛЬМ, 11 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Миграция агентлиги ҳамда Швециянинг “NIRO Advokatbyra” адвокатлик идораси вакиллари иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистон–Швеция ўртасида ватандошларимизни ишга жалб этиш, уларга касбий ва тил тайёргарлиги бўйича кўмак бериш, шунингдек, меҳнат миграциясининг қонуний ва тизимли асосда ташкил этилишини таъминлаш юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди.

Иш берувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва меҳнат миграцияси бўйича шерикликни кенгайтириш, номзодларни ишга саралаш, уларнинг малакаси ва касбий кўникмаларини иш берувчилар талабларига мувофиқ баҳолаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шу билан бирга, хориждаги меҳнат фаолияти якунланганидан сўнг фуқароларнинг Ўзбекистонга қайтиш мажбуриятлари хусусида ҳам сўз юритилди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон вакиллари Швециянинг “NIRO Advokatbyra” адвокатлик идораси раҳбари Нима Ростамига мамлакатимизда қурилиш, архитектура, меҳмонхона-ресторан бизнеси ва бошқа соҳаларда иш тажрибасига эга, хорижда меҳнат қилиш салоҳияти мавжуд бўлган 1,5 мингга яқин номзод ҳақида маълумот берди.

Томонлар Ўзбекистонда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисларни аниқлаш, уларни хорижий иш берувчилар талабларига мос равишда тайёрлаш ва муносиб иш ўринларига йўналтириш борасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилди.

Учрашув якунида иштирокчилар Ўзбекистон ва Швеция ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатларни янада кенгайтириш, қонуний меҳнат миграцияси учун янги имкониятлар яратиш ва ушбу йўналишда амалий ҳамкорликни кучайтиришдан ўзаро манфаатдор эканини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш