Фарғонанинг ҳўл ва қуритилган мевалари Малайзияга экспорт қилинади
Январ 23, 2026. 08:15 • 2 дақ
• 39КУАЛА-ЛУМПУР, 22 январь. /“Дунё” АА/. Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси ва экспортга йўналтирилган корхоналар вакилларидан иборат Фарғона вилояти делегацияси Малайзияга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида Малайзиянинг энг йирик мева импортчилари ва дистрибьюторлари бўлган “Nature’с Best Sdn Bhd” ва “Hoi Yong Fruits Marketing Sdn Bhd” компаниялари вакиллари билан қатор учрашувлар ташкил қилинди.
“Nature’с Best Sdn Bhd” компанияси бош директори Линус Лининг сўзларига кўра, Малайзия бозори, асосан, АҚШ, Туркия, Жанубий Африка, Миср, Австралия ва Хитойдан ҳўл меваларни импорт қилади. Ўзбекистон гилоси эса ширинлиги ва эртапишарлиги билан АҚШ ва Туркиянинг шу каби маҳсулотлари олдида бемалол рақобатлаша олади.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, Малайзия бозорида, айниқса, қарсилдоқ, ширин ва йирик калибрли (диаметри 28-32 мм) гилосга талаб юқори.
“Мавсум давомида Ўзбекистондан ҳафтасига 4 тоннагача гилосини мунтазам етказиб келиш имконияти мавжуд. Ҳаво транспорти орқали тезкор ва сифатли логистика йўлга қўйилса, маҳаллий маҳсулотлар Малайзия бозорида ўз ўрнини мустаҳкам эгаллай олади”, - дейди компания директори.
Учрашув давомида “Hoi Yong Fruits Marketing Sdn Bhd” савдо компанияси раиси ҳам Ўзбекистондан импорт қилинаётган ҳўл меваларни 250-500 граммдан енгил ва шаффоф пластик идишларга қадоқлаб, кейинчалик картон гофра қутиларда тўғридан-тўғри мамлакат супермаркетларига етказиб бериш тизимини йўлга қўйиш ниятида эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бундай қадоқлаш усули меваларни ташишда шикастланиш хавфини сезиларли даражада камайтиради.
Бундан ташқари, Малайзия компаниялари Ўзбекистонда етиштириладиган ўрик, узум, шафтоли, анор, лимон, анжир, қовун каби бошқа турдаги янги маҳсулотларни ҳам импорт қилишга тайёрлигини билдирди ва маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларининг йирик экспортчилари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдорлигини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


