Logo

Қозоқ ОАВ: 2025 йилда Ўзбекистон маҳсулотлари 75 та давлатга экспорт қилинган

Январ 22, 2026. 18:39 • 2 дақ

44
Қозоқ ОАВ: 2025 йилда Ўзбекистон маҳсулотлари 75 та давлатга экспорт қилинган

ТОШКЕНТ, 22 январь. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг “Tribune” нашрида Ўзбекистон Президенти бошчилигида Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган йиғилиш ҳақида мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Материалда ёзилишича, 2025 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси илк бор 80 миллиард доллардан ошган. Йил якунларига кўра, экспорт ҳажми 33,5 миллиард долларга етиб, хорижий инвестициялар оқими 43 миллиард доллардан ортган.

Ўтган йилги халқаро ташрифлар, музокаралар ва иқтисодий форумлар давомида умумий қиймати 160 миллиард долларлик келишувлар имзоланган. Экспорт географияси ҳам анча кенгайган. Ўзбекистон маҳсулотларини 75 та давлатга етказиб бериш қарийб 4,5 миллиард долларга ошган.

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодий дипломатиянинг янада амалий моделига ўтилишини маълум қилди. Ўзбекистоннинг чет элдаги элчилари учун асосий самарадорлик кўрсаткичлари, жумладан, улар бўлиб турган мамлакатлардан экспортни ошириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва фуқароларни чет элда қонуний иш ўринларига жойлаштиришга кўмаклашиш жорий этилмоқда.

Маълум қилинишича, йиғилишда енгил саноатни ривожлантириш, тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Енгил саноатни ривожлантириш агентлигининг АҚШ, Туркия, БАА, Хитой, Германия, Саудия Арабистони, Россия ва Польшада ваколатхоналарини очиш режалаштирилган. Ушбу мамлакатларда тўқимачилик маҳсулотлари импортининг умумий ҳажми 90 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Шунингдек, камида 15 та хорижий компания ва халқаро брендларни Ўзбекистонга жалб қилиш, соҳадаги 100 та корхонада “Better Work”, “BCI” ва “Organic” стандартларини жорий қилиш вазифаси қўйилди. Вилоят ҳокимларига элчихоналар билан бирга 500 та йирик тўқимачилик экспортёрлари маҳсулотлари намуналарини хориждаги дипломатик ваколатхоналарга жойлаштириш вазифаси қўйилди.

2026 йилда экспорт ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш ва 50 миллиард доллар хорижий инвестицияларни ўзлаштириш бўйича янги мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. Элчиларга ҳудудларнинг рақобат устунликларини таҳлил қилиб, асосий эътиборни инвесторлар, технологиялар ва янги бозорларни жалб қилишга қаратиш топширилди.

“Ўзбекистоннинг АҚШ, Буюк Британия, Германия, Швейцария, Хитой, Япония ва Сингапурдаги элчихоналарига Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш учун дунёнинг энг яхши 100 талик рейтингидаги университетларни жалб қилиш чораларини кўриш топширилди”, дея ёзади “Tribune”.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш