“The Financial Times”: Ўзбекистон “яшил” энергетикага ўтиш орқали ўз иқтисодиётини либераллаштирмоқда

Июнь 24, 2026. 08:15 • 2 дақ

103
“The Financial Times”: Ўзбекистон “яшил” энергетикага ўтиш орқали ўз иқтисодиётини либераллаштирмоқда

ЛОНДОН, 24 июнь. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг нуфузли “The Financial Times” нашри Ўзбекистонда “яшил” энергетикани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга бағишланган махсус кўрсатувнижойлаштирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада Марказий Осиёнинг марказида жойлашган Ўзбекистон замонавий ва экологик барқарор иқтисодиётга ўтиш йўлида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошираётгани атрофлича таҳлил қилинган.

Қайд этилишича, иқтисодиётнинг жадал ўсиши ва энергия истеъмолининг ортиши, шунингдек, глобал иқлим ўзгаришлари фонида расмий Тошкент қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга асосий эътиборни қаратмоқда.

Энергетика секторини модернизация қилиш ва соҳага “ACWA Power” ҳамда “Masdar” каби йирик халқаро инвесторларни жалб этиш туфайли мамлакатда қуёш ва шамол электр станциялари, энергияни жамлаш тизимлари жадал суръатлар билан барпо этилмоқда. Шу билан бир қаторда, кўплаб маҳаллий корхоналар ва аҳоли хонадонларига қуёш панеллари ўрнатилгани анъанавий энергия манбаларига бўлган қарамликни камайтиришга хизмат қилаётгани эътироф этилган.

Шунингдек ўқинг

Материалда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Халқаро молия корпорацияси (IFC), Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), “ACWA Power”, “Masdar” компаниялари масъул вакиллари, “The Financial Times” ҳамда Британиянинг “Chatham House” халқаро муносабатлар институти экспертлари, Ўзбекистоннинг йирик “Samarkand Apparel” ва “BMB Holding” компаниялари раҳбарлари билан эксклюзив интервьюлар келтирилган.

Халқаро экспертлар ва мутасаддилар Ўзбекистон ҳукуматининг амбицияли мақсадларини алоҳида қайд этдилар. Хусусан, мамлакат 2030 йилга бориб электр энергиясининг ярмидан кўпини қайта тикланувчи манбалардан олишни, 2050 йилга келиб эса тўлиқ углерод нейтраллигига эришишни мақсад қилган.

“The Financial Times” хулосасига кўра, инфратузилма билан боғлиқ мавжуд қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон яқин келажакда Марказий Осиёда “яшил” энергетика етакчисига ва тоза энергиянинг йирик экспортерига айланиш учун қатъий қадамлар ташламоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш