Logo

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси илк бор 81 миллиард доллардан ошди

Январ 28, 2026. 14:16 • 2 дақ

86
Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси илк бор 81 миллиард доллардан ошди

ТОШКЕНТ, 28 январь. /“Дунё” АА/. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси тарихда илк бор 81,2 миллиард долларни ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий фаоллиги барқарор ўсиш суръатларини намойиш этиб, ҳамкор давлатлар географияси сезиларли даражада кенгайган. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон глобал таъминот занжирларининг фаол ва ишончли иштирокчиси сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаб, иқтисодий таъсир доирасини ошириб бормоқда.

Савдо алоқаларида Хитой ва Россия етакчиликни сақлаб қолмоқда — ушбу давлатларнинг жами савдодаги улуши 37 фоиздан ошди (Хитой билан 17,2 миллиард доллар, Россия билан 13 миллиард доллар). Марказий Осиё минтақасида Қозоғистон 5 миллиард долларлик кўрсаткич билан асосий ҳамкор бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Туркия (3 миллиард доллар), Жанубий Корея ва Афғонистон (ҳар бири 1,7 миллиард доллардан) билан ҳамкорлик алоқалари саноат кооперацияси ва трансчегаравий савдо ҳисобига сезиларли даражада кучайган.

Европа йўналишида Германия ва Франция (ҳар бири 1,4 миллиард доллар) фаол иштирок этаётган бўлса, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари 1,3 миллиард доллар натижа билан кучли ўнталикни якунлаб берди. Таҳлилчиларнинг фикрича, бундай диверсификацияланган савдо тузилмаси Ўзбекистон иқтисодиётининг ташқи хавф-хатарларга нисбатан барқарорлигини таъминлайди ва Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқ бозорлари билан янги иқтисодий истиқболларни очади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш