Скандинавиядаги нуфузли журнал масъуллари билан суҳбат ўтказилди
Январ 28, 2026. 12:56 • 53 сония
• 31
СТОКГОЛЬМ, 28 январь. /“Дунё” АА/. Фарғона ва Самарқанд вилоятлари туризм бошқармалари вакиллари Скандинавия давлатларида чоп этиладиган нуфузли “Vagabond” журнали бош муҳаррири Фредрик Брендстрем ва менежери Юнас Терн билан онлайн равишда суҳбат ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“Vagabond” Швеция, Норвегия ва Данияда нашр этиладиган саёҳат журнали ҳисобланади. Нашр Скандинавиядаги илк саёҳат журналларидан бири бўлиб, 1987 йилдан буён турли мамлакатлар ва саёҳатлар ҳақида мақолалар тайёрлаб келади. Журнал “Egmont Group”га тегишли бўлиб, ҳар ойда нашр қилинади ва Скандинавия давлатларига тарқатилади.
Онлайн мулоқот давомида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Скандинавия минтақасида илгари суриш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, мамлакатимизнинг бой маданий-тарихий мероси, сайёҳлик йўналишлари ва туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритиш мақсадида “Vagabond” журнали ва унинг расмий веб-сайтида Ўзбекистонга бағишланган мақолалар чоп этиш бўйича фикр алмашилди.
Музокараларда Швед томони Ўзбекистонга бағишланган мақолаларни чоп этиш бўйича ҳамкорлик шартлари юзасидан таклифлари ва келишув лойиҳасини тақдим этди.
Ўзбекистоннинг, шу жумладан, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари сайёҳлик имкониятлари тўғрисидаги туркум мақола ва реклама маълумотларини журналда чоп этиш бўйича келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
