Ўзбекистон ОТМ делегацияси Лондондаги халқаро кўргазмада иштирок этди
Январ 28, 2026. 12:10 • 53 сония
• 39
ЛОНДОН, 28 январь. /“Дунё” АА/. Лондон шаҳрида таълим технологиялари соҳасидаги дунёнинг энг йирик тадбирларидан бири — “Bett UK 2026” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур нуфузли платформада Навоий инновациялар университети делегацияси иштирок этиб, таълим жараёнларига рақамли технологиялар ва инновацион ечимларни жорий этиш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганди. 40 мингдан зиёд ташриф буюрувчи ва 800 дан ортиқ етакчи халқаро компанияларни жамлаган ушбу анжуман таълим соҳасидаги энг сўнгги ютуқларни муҳокама қилиш учун асосий майдонга айланди.
Ташриф давомида Университет вакиллари хорижий ҳамкорлар билан таълим ва инновациялар соҳасида барқарор алоқаларни ривожлантириш бўйича қатор икки томонлама учрашувлар ўтказдилар. Музокаралар марказидан сунъий интеллектга асосланган инновацион ишланмалар, таълим жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, масофавий ва гибрид таълим платформаларини миллий тизимга татбиқ этиш масалалари ўрин олди.
Бундан ташқари, кўргазма доирасида Университетнинг ривожланиш концепцияси тақдимот қилиниб, таълим муассасасида рақамли трансформацияни жадаллаштириш юзасидан етакчи хорижий ОТМлар ва компаниялар билан келишувларга эришилди. Бу каби халқаро ҳамкорлик лойиҳалари Ўзбекистон олий таълим тизимининг нуфузини ошириш ва таълимни замонавий талабларга мослаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
