“Forbes.ru”: Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун жозибадор йўналишга айланмоқда
Июль 13, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 91
МОСКВА, 13 июль. /“Дунё” АА/. Россиянинг нуфузли “Forbes.ru” электрон нашрида “Тошкент орқали чиқиш: Ўзбекистон хорижий инвесторларни қандай жалб этмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада сўнгги йилларда Ўзбекистон салмоқли иқтисодий ютуқларга эришгани, жумладан, 2025 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,7 фоизга ўсиб, 147 миллиард долларни ташкил этгани қайд этилган. Рақамлаштириш даражасининг юксалиши мамлакатга Жаҳон банкининг Давлат технологиялари етуклиги индексида тўққизинчи ўринни эгаллаш имконини берди. “Давлат хизматлари” тизими ЖШШИРни тезда олиш ва бизнесни онлайн рўйхатдан ўтказиш имкониятини тақдим этиб, рақобатбардош тизимга айланди.
Нашрда тадбиркорлик махсус зоналар ташкил этиш орқали қўллаб-қувватланаётгани, бунга Қорақалпоғистонда АКТ соҳасидаги лойиҳалар учун яратилган шароитлар мисол бўлиши ҳақида сўз юритилган. Резидентлар 2040 йилгача солиқлардан озод этилиб, электр энергияси учун имтиёзлар яратилган. Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдосига қўйилган чекловларнинг бекор қилиниши билан боғлиқ вазият ҳам ижобий томонга ўзгарган.
Иқтисодиётнинг ўсиши ва бизнеснинг қўллаб-қувватланиши Россия компанияларини ўзига жалб қилмоқда ва буни Ўзбекистонга ишбилармонлик сафарларининг 20 фоизга ортгани тасдиқлайди. Жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув ҳамда хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратишга қаратилган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистонга бўлган қизиқиш янада ортмоқда.
2027 йилда Тошкентда умумий ҳуқуқ нормалари асосида фаолият юритадиган ва 2076 йилгача солиқ имтиёзларини таклиф этадиган Тошкент халқаро молия маркази очилади. Шунингдек, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни режалаштирмоқда. Бу эса халқаро бизнес учун шароитларни янада яхшилайди.
Мамлакат жаҳоннинг етакчи давлатлари билан муносабатларни, жумладан, сармоя жалб этиш бўйича АҚШ билан платформани ва туризм соҳасида Хитой билан ҳамкорликни ривожлантираётгани боис хорижий инвестициялар оқимининг ўсиши кутилмоқда.
Таъкидланишича, яқин йилларда Россия 5 миллиард долларгача сармоя киритиши мумкин ва бу ҳам йирик, ҳам кичик ва ўрта корхоналарнинг ривожланишига ҳисса қўшади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси