Global Times” газетаси: Тошкент халқаро инвестиция форуми глобал ҳамкорлик хабига айланди

Июнь 20, 2026. 18:00 • 2 дақ

10
Global Times” газетаси: Тошкент халқаро инвестиция форуми глобал ҳамкорлик хабига айланди

 ПЕКИН, 20 июнь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг етакчи инглиз тилли нашрларидан бири — “Global Times” газетаси саҳифасида V Тошкент халқаро инвестиция форуми якунларига бағишланган таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Инвестициявий барқарорлик: янги уфқлар ва янги шериклик” мавзусида ўтказилган ТХИФ-2026 доирасида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан 10 мингдан зиёд делегат ва иштирокчилар жам бўлгани ва бу анжуман минтақадаги энг йирик иқтисодий платформага айлангани алоҳида қайд этилган.

Нашрда Ўзбекистон Президенти форумнинг очилиш маросимидаги нутқида инвесторлар учун янада ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратиш, юқори технологияли тармоқларни очиш ҳамда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги етакчи инвестиция маркази сифатидаги мақомини мустаҳкамлашга қаратилган устувор йўналишларни белгилаб берганига эътибор қаратилган.

Газетада ёзилишича, Ўзбекистон ҳукумати томонидан илгари сурилган ушбу стратегик қарашлар форум иштирокчилари, хусусан, бизнес ва академик доира вакиллари томонидан юқори баҳоланди. Анжуман доирасида Хитойнинг Ўзбекистон учун ажралмас ва ишончли шерик эканлиги яна бир бор эътироф этилди.

Форум арафасида бўлиб ўтган Ўзбекистон, Хитой ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлатлари ўртасидаги инвестициявий мулоқот чоғида Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо, инвестициявий ва технологик ҳамкори экани алоҳида таъкидланди. Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатда хитой сармояси иштирокидаги 5600 дан ортиқ қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Шунингдек ўқинг

Хитой компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган тўққизта қўшма саноат зонаси маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва экспорт ҳажмини оширишда юқори самарадорлик кўрсатаётган платформаларга айланди.

Тошкентда бундай юқори даражадаги нуфузли тадбирнинг ташкил этилиши турли мамлакатлар ҳукумат раҳбарлари ва трансмиллий компаниялар етакчиларини инвестиция соҳасидаги энг долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун ягона мулоқот майдонига муваффақиятли жамлай олгани билан муҳим аҳамият касб этди, деб хулоса қилинади “Global Times” нашрида.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш