“Коммерсантъ” газетаси: Ўзбекистонда Халқаро тижорат суди ва Молия маркази ташкил этилмоқда

Июль 23, 2026. 18:30 • 2 дақ

85
“Коммерсантъ” газетаси: Ўзбекистонда Халқаро тижорат суди ва Молия маркази ташкил этилмоқда

МОСКВА, 23 июль. /“Дунё” АА/. Россиянинг нуфузли “Коммерсантъ” газетасида “Ўзбекистон халқаро тижорат суди ва молия марказини ташкил этмоқда” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада маълум қилинишича, Ўзбекистон Тошкент халқаро молия маркази (ТХММ) ва у билан боғлиқ халқаро тижорат судини ташкил этиш орқали хорижий инвесторлар учун жозибадорлигини янада оширишни мақсад қилган.

Нашрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги қонун ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган. Ушбу қонун 25 июль куни кучга киради.

Қайд этилишича, ТХММнинг асосий таркибий қисми биринчи инстанция ва апелляция судини ўз ичига олувчи Тошкент халқаро тижорат суди (ТХТС) бўлади. Бу суд марказ фаолияти билан боғлиқ кенг кўламли ишларни, жумладан, тижорат, корпоратив ва молиявий низоларни кўриб чиқиш ваколатига эга.

Шунингдек ўқинг

Томонларнинг ўзаро розилиги билан ТХТС бошқа тоифадаги низоларни ҳам кўриб чиқиши мумкин. Бундан ташқари, суд Тошкент халқаро арбитраж марказига даъвони таъминлаш чораларини кўриш, арбитрларга раддия билдириш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш ҳамда арбитраж қарорларини ижро этиш каби хизматларни кўрсатиш орқали кўмаклашади.

Шунингдек, ТХММ ҳудудида ноёб ҳуқуқий режим амал қилиши хабар қилинган. Ўзбекистон миллий қонунчилиги билан бир қаторда, Англия ва Уэльс ҳуқуқи ҳамда умумий ҳуқуқ ва адолат тамойиллари (миллий қонунчиликка зид бўлмаган қисмида) қўлланилиши мумкин.

Марказ қарорларининг инглиз тилидаги расмий нашри уларга юридик куч бериш учун мажбурий ҳисобланади. Регуляторликка оид кўплаб ўзгартишлар жамоатчилик муҳокамаси ва баҳолашидан ўтказилади.

Мақола хулосасида ихтисослаштирилган суд ва арбитраж инфратузилмасининг яратилиши хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва Ўзбекистонни низоларни ҳал этиш бўйича нуфузли халқаро майдон сифатида илгари суришнинг асосий воситаларидан бири сифатида баҳоланмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш