“Okaz” газетаси: Саудия компанияси бошчилигидаги консорциум Тошкентда йирик авиация хабини барпо этади

Июнь 20, 2026. 18:30 • 2 дақ

“Okaz” газетаси: Саудия компанияси бошчилигидаги консорциум Тошкентда йирик авиация хабини барпо этади

 АР-РИЁЗ, 20 июнь. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонининг нуфузли “Okaz” газетасида V Тошкент халқаро инвестиция форуми якунлари ҳамда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликка бағишланган таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, Саудия Арабистони делегациясининг Тошкент форумидаги фаол иштироки икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва сармоявий алоқалар янги босқичга чиққанининг яққол исботи бўлди. Анжуман доирасида Саудия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг йиғилиши ҳамда ҳукумат вакиллари иштирокида қатор учрашувлар ўтказилиб, ўзаро манфаатли битимлар имзоланди.

Энг муҳим воқеалардан бири — Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудида (1310 гектар майдонда) барпо этиладиган янги Тошкент халқаро аэропортини қуриш ва бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши бўлди. Мазкур йирик инфратузилмавий лойиҳа Саудия Арабистонининг “Vision Invest” компанияси бошчилигидаги халқаро консорциум томонидан, Корея ва Япония ширкатлари шериклигида амалга оширилади.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, мақолада таъкидланишича, лойиҳанинг биринчи босқичида узунлиги 4 километрдан бўлган 2 та учиш-қўниш йўлаги, майдони 208 минг квадрат метрлик йўловчи терминали, 98 та ҳаво кемаси тўхташ жойи ва замонавий диспетчерлик минораси барпо этилади. Келишувга кўра, “Vision Invest” йўловчи терминали ва перронни қуриш ҳамда фойдаланиш учун масъул бўлса, Ўзбекистон ҳукумати аэродром инфратузилмасини барпо этишни ўз зиммасига олади.

Янги аэропорт 2030 йил якунига қадар ишга туширилиши кутилмоқда. У йилига 20 миллион нафаргача йўловчига хизмат кўрсатиш ва 300 минг тонна юк қабул қилиш қувватига эга бўлади. “Okaz” газетасининг хулоса қилишича бу лойиҳа Тошкентнинг Марказий Осиёдаги йирик авиация ва логистика хаби сифатидаги мавқеини тубдан мустаҳкамлайди. Қурилиш майдонидаги дастлабки тайёргарлик ишлари жорий йилнинг июнь ойидаёқ бошланиши режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш