“Pakistan Observer” газетаси: “Корея Республикаси – Марказий Осиё” саммити сиёсий мулоқот ва амалий ҳамкорлик учун муҳим майдонга айланади
Сентябрь 13, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 55
ИСЛОМОБОД, 13 сентябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп “Pakistan Observer” газетасида “Корея Республикаси – Марказий Осиё” биринчи саммити: Нега у бугун айниқса муҳим?” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда давлат раҳбарлари даражасида ўтказиладиган бўлажак “Корея Республикаси – Марказий Осиё” биринчи саммити ва унинг стратегик аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритилган.
Мазкур формат янгилик эмас. Қарийб 20 йил давомида у ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари даражасида сиёсий мулоқот ва амалий ҳамкорлик учун муҳим майдон бўлиб келмоқда. Шу давр мобайнида ушбу формат доирасида кўплаб қўшма ташаббуслар амалга оширилди. Шу билан бирга, учрашувларни давлат раҳбарлари даражасида ўтказиш соҳалар бўйича мувофиқлаштиришдан стратегик қарорлар қабул қилишга ўтиш каби сифат жиҳатидан янги босқич бошланганидан далолат беради”, – дейилади мақолада.
Муаллифларнинг таъкидлашича, сўнгги бир неча йил ичида Марказий Осиё, эҳтимол, минтақа давлатлари мустақилликка эришганидан буёнги энг чуқур трансформация жараёнини бошдан кечирди. Ўзбекистон ушбу жараёнларда муҳим ўрин эгаллайди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик ва фаол минтақавий ҳамкорлик сиёсати Марказий Осиёнинг жипслигини мустаҳкамлашнинг асосий омилларидан бири бўлди. Шунингдек, мамлакат Корея Республикаси билан ҳамкорликни янада чуқурлаштирди. Сўнгги саккиз йилда икки томонлама савдо ҳажми деярли икки бараварга ошди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Корея капитали иштирокидаги қарийб 700 та корхона фаолият юритмоқда, Корея инвестицияларининг умумий ҳажми эса 8 миллиард АҚШ долларидан ошди.
Шунингдек, нашрда Ўзбекистонда постсовет ҳудудидаги энг йирик корейс диаспораси истиқомат қилиши маълум қилинади. Мамлакатда етакчи корейс университетларининг филиаллари мавжудлиги икки томонлама ҳамкорликнинг узоқ муддатли ва кўп қиррали хусусиятини янада яққол намоён этади, деб таъкидланган.
“Pakistan Observer” нашрида босилган таҳлилий шарҳ якунида таъкидланишича, саммитнинг тарихий аҳамияти нафақат у илк бор минтақа давлатлари раҳбарларини бир жойга жамлашида, балки кўлами аввалги институционал доиралардан аллақачон ошиб кетган ҳамкорликни ривожлантиришнинг кейинги босқичини белгилаб олиш имкониятида ҳам намоён бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси