“Rzeczpospolita” газетаси: Ўзбекистон Евроосиёнинг асосий инвестиция марказларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда
Июнь 25, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 83
ВАРШАВА, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Польшанинг “Rzeczpospolita” газетасида V Тошкент халқаро инвестиция форуми якунларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, форум АҚШ, Туркия, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар вакиллари иштирокида икки томонлама музокаралар ўтказиш ҳамда янги ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш учун самарали платформага айланган.
Нашр Польшанинг “APS Energia” компанияси ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати ўртасида қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланганига алоҳида эътибор қаратган.
Материалда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган маълумотлар келтирилган бўлиб, уларга кўра, 2025 йилга келиб жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 43 миллиард долларга, хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар сони эса 18,1 мингтага етгани қайд этилган.
Польша нашрида ёзилишича, Ўзбекистон АҚШ, Европа ва Осиё давлатлари инвесторлари, шунингдек, халқаро молия институтлари эътиборини жалб этишда давом этмоқда. Сармоя киритиш учун энг истиқболли йўналишлар қаторида энергетика, саноат, транспорт-логистика инфратузилмаси ва замонавий ишлаб чиқариш технологиялари санаб ўтилган.
Мақолада “APS Energia” ва ОКМК қўшма корхонасини барпо этиш лойиҳасининг аҳамияти алоҳида қайд этилган. Ушбу корхона энергетик ечимларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича муҳим минтақавий марказга айланиб, Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги саноат кооперациясининг янада ривожланишига ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси