Ироқ нефть квоталари борасидаги баҳслар фонида ОПЕКдан чиқиш эҳтимолини истисно этмаяпти
Июнь 25, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 87
БАҒДОД, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Агар нефть қазиб олиш квотаси сезиларли даражада оширилмаса, Ироқ барча мумкин бўлган чора-тадбирларни, жумладан, ОПЕКдан чиқиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.
Манбаларга кўра, ОПЕКда иккинчи йирик нефть қазиб олувчи мамлакат бўлган Ироқ амалдаги чекловларни ўзининг иқтисодий ва ишлаб чиқариш салоҳиятига номутаносиб деб ҳисоблайди.
Агентликнинг таъкидлашича, минтақавий можаролар оқибатлари ва нефть етказиб беришдаги узилишлар туфайли оғирлашган мамлакатдаги молиявий қийинчиликлар фонида квоталарни ошириш масаласи нозик тус олган.
Ироқ Нефть вазирлиги вакили фикрича, Бағдод аввалроқ ҳақиқатан ҳам ташкилотдан чиқиш имкониятини кўриб чиққан, бироқ ҳозирги вақтда квоталарни оширишга ҳаракат қилиш билан бирга ОПЕК аъзолигини сақлаб қолиш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.
“Агар Саудия Арабистони ва ОПЕКдаги бошқа иттифоқчилар бу масалага жиддий қарамаса, Ироқ мавжуд барча вариантларни кўриб чиқишга мажбур бўлади”, – деди у ва “ҳозирча чиқиш ҳақида гапиришга эрта” эканини таъкидлади.
Мамлакат ҳукуматининг маълум қилишича, Ироқ экспорт имкониятларини тиклаш устида ишламоқда ва яқин йилларда нефть қазиб олиш ҳажмини суткасига 7 миллион баррелгача етказишни режалаштирмоқда, бироқ квоталар юзасидан изоҳ беришдан тийилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Бирлашган Араб Амирликлари нефть қазиб олиш даражаси бўйича келишмовчиликлар туфайли ОПЕКдаги иштирокини тўхтатган, бу эса нефть “картели” ичидаги барқарорлик ҳақидаги мунозараларни кучайтирган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси