“Sahm News” газетаси: Ўзбекистонда халқаро рақамли технологиялар маркази— “Enterprise Uzbekistan” ташкил этилади
Декабрь 04, 2025. 10:57 • 2 дақ
• 184
АР-РИЁЗ, 7 декабрь. /“Дунё” AA/. Саудия Арабистонининг оммабоп “Sahm News” газетасида “Ўзбекистонда халқаро рақамли технологиялар маркази ташкил этилади” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда халқаро рақамли технологиялар маркази — “Enterprise Uzbekistan” ни ташкил этишни маъқуллади”, - деб ёзилган мақола муқаддимасида.
Нашрда таъкидланишича, тегишли фармон қонунчилик миллий маълумотлар базасида эълон қилинди ва унда “Enterprise Uzbekistan” Халқаро рақамли технологиялар марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф маъқулланганлиги қайд этилган.
Марказ Ўзбекистонни минтақанинг асосий IТ-хабларидан бирига айлантириш мақсадида шакллантирилмоқда ва у дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, рақамли консалтинг ва масофавий аутсорсинг хизматларини кўрсатишга ихтисослашади.
Шунингдек, марказ ҳудудида видеоўйинлар, рақамли контент ва сунъий интеллект технологиялари асосидаги маҳсулотларни яратиш ҳам кўзда тутилган.
Фармонга биноан, марказга халқаро стандартларга асосланган, Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқ нормалари ёки етакчи халқаро молия марказлари стандартлари бўйича қурилган махсус ҳуқуқий режимга эга алоҳида ҳудуд ажратилади.
“Аввалроқ давлат раҳбари томонидан 2026–2030 йилларда Ўзбекистонда молиявий технологияларни ривожлантиришга 1 миллиард доллар жалб этилиши ва 2026 йилдан бошлаб мамлакатда рақамли валюталардан фойдаланиш бўйича пилот лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилгани маълум қилинган эди”, - дея ёзилган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси