Ўзбекистон Бош консули Кузбассда даволанаётган ватандош ҳолидан хабар олди
Август 11, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 89
ЛЕНИНСК-КУЗНЕЦКИЙ, 11 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консули Аслам Акбаров Кузбасс клиник кончилар саломатлигини муҳофаза қилиш марказининг нейрохирургия бўлимида даволанаётган ҳамюртимиз Б.Т. ҳолидан хабар олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бош консул тиббиёт муассасасида беморнинг аҳволи билан танишиб, даволовчи шифокор билан суҳбатлашди.
Шифокорнинг маълум қилишича, ватандошимиз баландликдан йиқилиши оқибатида тўртта умуртқаси, қовурғалари, оёқ панжаси ва тиззасидан жароҳат олган. Унга зудлик билан умуртқа ва тизза бўғимида иккита жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, ҳаракатланишини барқарорлаштириш учун зарур махсус тиббий мосламалар ўрнатилган.
Айни пайтда беморнинг аҳволи барқарор бўлиб, шифокорлар томонидан унинг ҳаёти учун хавф мавжуд эмаслиги айтилмоқда.
Шунингдек, Бош консулхона ҳамда Миграция агентлигининг Новосибирскдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ҳамюртимизнинг даволанишини Ўзбекистонда давом эттириш мақсадида уни авиарейс орқали Тошкентга етказиш чоралари кўрилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси