Германиялик музейшунос: Самарқанддаги муҳокамаларда сунъий интеллектни музей фаолиятига татбиқ этиш бўйича тажриба алмашиш учун қулай платформа яратилди
Декабрь 21, 2025. 12:00 • 3 дақ
• 82ГАМБУРГ, 21 декабрь. /“Дунё” АА/. Гамбург археология музейи сайтида ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқандда бўлиб ўтган 43-сессияси доирасида ташкил қилинган “Музейларда сунъий интеллектнинг бугунги роли” мавзусидаги халқаро анжуманда мазкур музей профессори Михаэль Меркелнинг иштирокига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Қайд этилишича, ушбу нуфузли тадбир ЮНЕСКО томонидан Ўзбекистон санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Панель муҳокамаси давомида немис музейшуноси АМҲ музейининг “Фото детектив” лойиҳасини тақдим этган ва сунъий интеллект воситаларидан фойдаланган ҳолда фототўпламларни тадқиқ қилиш, тизимлаштириш ва кенгроқ аудиторияга тақдим этиш имкониятлари ҳақида гапирган. Музокараларда дунёнинг турли мамлакатлари вакиллари иштирок этиб, коллекцияларни бошқариш, илмий тадқиқотлар, архитектура ечимлари ва жамоатчилик билан ишлаш соҳаларида сунъий интеллект бўйича амалий тадқиқотларни муҳокама қилинган.
Экспертнинг сўзларига кўра, муҳокамаларда асосий эътибор инсон омилига йўналтирилган ёндашувга қаратилди, яъни сунъий интеллект музей ходимларига уларнинг ишида ёрдам бериши кераклиги, лекин уларнинг ўрнини тўлиқ эгалламаслиги таъкидланган.
Маълум қилинишича, анжуманнинг маданий дастурига кўра, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги музейлар ва тарихий обидаларга саёҳатлар, Бухоро биенналеси билан танишиш ташкил этилган. Шунингдек, мақолада германиялик мутахассис, Буюк Ипак йўли меросининг рамзи ҳисобланган тарихий Регистон майдонида дунёга машҳур француз бастакори, ЮНЕСКОнинг эзгу ният элчиси Жан-Мишель Жаррнинг ажойиб концерти ўзига маъқул келганини мамнуният билан таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, концерт меҳмонларда катта таассурот қолдирган бўлса, анжуман доирасидаги қизиқарли тадбирлар миллий анъаналар ва новаторлик уйғунлигини яққол намоён этди.
Немис олими ўз мақоласида сунъий интеллектнинг музейлардаги ўрни бўйича халқаро мулоқотни давом эттириш, ҳамкорликни кенгайтириш ва тўпланган тажрибани амалиётда қўллашни мақсад қилганини билдирган.
Ташриф давомида германиялик олим Регистон, ўзбек каштачилиги кўргазмалари, Конигил қишлоғидаги Конигил-Мерос ҳунармандчилик марказида қайта тикланган Самарқанднинг қадимий қоғоз ишлаб чиқариш мажмуаси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда, Афросиёб музейи, Амир Темур мақбараси, шунингдек, Бухоронинг тарихий-маданий диққатга сазовор жойларига ташриф буюриб, улар ҳақидаги маълумотларни музей сайтига жойлаштирди ва ҳужжатлаштиради.
Муаллифнинг таъкидлашича, унинг “Фото детектив” лойиҳаси билан Самарқандда бўлиб ўтган халқаро панелда иштирок этиши музейларда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича амалий тажриба алмашишга туртки бўлди. Бироқ, немис олими этика, эксперт текшируви ва якуний жавобгарлик инсонда қолишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Самарқанд ва Бухоро бўйлаб маданий дастур тадбирга катта аҳамият касб этиб, янги ҳамкорликлар учун кенг имкониятлар эшигини очган.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанддаги конференция дунёнинг 190 мамлакатидан 2800 дан ортиқ мутахассисларни жамлаб, маданий мерос ва музей амалиётида сунъий интеллектнинг ўрни, имкониятлари ва масъулиятли қўлланилиши ҳақида фикр алмашиш учун халқаро платформа бўлиб хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Чехияда ўзбек маданияти ва туризм имкониятлари намойиш қилинди
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон норвегияликлар учун машҳур сайёҳлик йўналишига айланмоқда
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди








