Logo

Қозоғистондан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Японияга ташрифи аниқ ифодаланган прагматик характерга эга

Декабрь 21, 2025. 11:40 • 3 дақ

73
Қозоғистондан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Японияга ташрифи аниқ ифодаланган прагматик характерга эга

ОЛМАОТА, 21 декабрь. /“Дунё” АА/. Қозоғистонлик эксперт, профессор, фалсафа фанлари номзоди Рустам Бурнашев “Дунё” АА учун берган интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи ҳамда “Марказий Осиё + Япония” саммитидаги иштироки якунлари ҳақидаги фикрларини баён қилди:

— Япония томони, хусусан, Император Нарухито Ўзбекистон Президентининг ташрифини Ўзбекистон-Япония дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашдаги муҳим воқеа деб баҳолади. Ушбу баҳо Ўзбекистон томони учун ҳам хосдир.

Ташрифнинг муҳим таркибий қисмларидан бири Президент Шавкат Мирзиёевнинг Японияда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонликлар билан учрашуви бўлди. Бу кўп жиҳатдан таълим, кадрлар тайёрлаш ҳамда маданий-гуманитар алмашинув соҳасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг энг жадал ривожланаётган сегменти эканлигини кўрсатди.

Шу маънода, Ўзбекистон Президенти ва Япония Парламенти Маслаҳатчилар палатаси президенти учрашувида ёш парламентарийларнинг ташаббуслари, жумладан, Ўзбекистон ва Япония ёш парламентарийлари форуми ҳамда Япония делегациясининг 2026 йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган Глобал ёш парламентарийлар конференциясида иштирок этиши масалалари марказий мавзу бўлгани диққатга сазовордир.

Ўзбекистон етакчисининг Японияга ташрифи аниқ ифодаланган прагматик характерга эга. Буни Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Рёсеи Акадзава билан ўтказилган учрашув якунлари ҳам тасдиқлайди. Унда савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда муқобил энергетика, декарбонизация ва ўта муҳим хомашё каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи доирасидаги марказий воқеалардан бири унинг “Марказий Осиё + Япония” саммитидаги иштироки бўлди. Маълумки, айнан Япония 2004 йилда бундай форматдаги учрашувларнинг биринчи минтақадан ташқаридаги иштирокчиси ва ташаббускори бўлган эди. Ўша вақтдаги Япония Ташқи ишлар вазири Ёрико Кавагути сўзлари билан айтганда, бу формат кўп томонлама ҳамкорликнинг “янги ўлчами” сифатида тақдим этилган.

Ушбу мулоқотнинг ўзига хослиги шундаки, у хилма-хилликни ҳурмат қилиш, рақобат ва мувофиқлаштириш, шунингдек, гуманитар алмашинув тамойиллари асосида қурилган. Япония томони Марказий Осиё давлатлари билан айнан минтақавий даражада ҳамкорлик қилиш муҳимлигини тизимли равишда таъкидлаб келди. Бу эса 2000 йиллардаги мураккаб минтақавий жараёнлар даврида Марказий Осиёда минтақавий ўзликни сақлаш ва ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилди.

Бироқ, шу вақтга қадар ушбу мулоқот “вазирлар даражасида” эди. Япониядаги ҳозирги учрашув олий даражадаги биринчи тадбирдир. Бу эса Марказий Осиё мамлакатлари ва Япония ўртасидаги ҳамкорликка қўшимча суръат бағишлаши кутилмоқда.

Ниҳоят, яна бир принципиал муҳим жиҳат шундаки, “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти бошқа “С5+» форумларидан фарқли ўлароқ, ишбилармон ва илмий доиралар учрашувларини — яъни “иккинчи даражали дипломатия”ни ҳам ўз ичига олади. Бу эса мулоқотни шунчаки сиёсий ва дипломатик тадбирдан Марказий Осиёда минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган реал ҳамкорлик механизмига айлантиради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш