Ўзбекистон ва Япония АКТ соҳасида янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди
Октябрь 07, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 74
ТОКИО, 7 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Японинянинг “BHN Association” ташкилоти маслаҳатчиси Казухиса Конома билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат чоғида ахборот технологиялари соҳасида кадрлар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
1992 йилда ташкил этилган “BHN Association” ташкилоти 1998 йилдан буён Япониянинг “NTT” ахборот-коммуникация компанияси билан ҳамкорликда мутахассислар тайёрлаш дастури бўйича фаолият юритиб келмоқда.
Ташкил этиладиган малака ошириш дастурлари доирасида илғор ахборот технологиялари, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, ижтимоий муаммолар ечими, энергетика ва бошқа соҳалар бўйича билим берилади. Ҳозирга қадар 20 нафардан зиёд ўзбекистонлик мутахассис ушбу дастурда иштирок этган.
Мулоқот давомида мазкур йўналишдаги ҳамкорликни давом эттириш, ўзбекистонлик мутахассислар учун стажировка ва малака ошириш дастурларини янада кенгайтириш, ахборот технологиялари соҳасида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси