Бангладеш ТИВ раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг янги раисига айланди

Август 25, 2026. 17:30 • 2 дақ

87
Бангладеш ТИВ раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг янги раисига айланди
“БМТ янгиликлари” порталидан олинган сурат

НЬЮ-ЙОРК, 25 август. /“Дунё” АА/. Бангладеш ташқи ишлар вазири Халилур Раҳмон БМТ Бош Ассамблеяси раиси этиб сайланди ва Германия ТИВ собиқ раҳбари Анналена Бербокнинг ўрнини эгаллади, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири “БМТ янгиликлари” манбасига таяниб.

Нью-Йоркда бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида Халилур Раҳмон номзодини Бош Ассамблеянинг 190 аъзосидан 99 нафари қўллаб-қувватлади. Унинг рақиби, Кипрнинг кўп томонлама масалалар бўйича махсус вакили Андреас Какурис эса 91 та овоз тўплади.

“Жаноб Халилур Раҳмон зарур миқдордаги кўпчилик овозини тўплаб, Бош Ассамблея раиси этиб сайланди”, – дея маълум қилди овоз бериш якунлари бўйича БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессияси раиси Анналена Бербок.

Бангладешлик дипломат сентябрь ойида Бош Ассамблеянинг 81-сессияси бошланиши билан ўз вазифасини бажаришга киришади. Унинг ваколат муддати бир йилни ташкил этади.

72 ёшли Халилур Раҳмон дипломатик фаолиятини 1979 йилда бошлаган. У Бангладешнинг БМТдаги доимий ваколатхона ва БМТ Котибиятида юқори лавозимларда фаолият юритган. Шунингдек, у Бош Ассамблея 41-сессияси раиси ёрдамчиси бўлган. БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси тизимида ишлаган.

Халилур Раҳмон жорий йил февраль ойидаги сайловлардан сўнг Бангладеш ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаган.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Халилур Раҳмонни сайловдаги ғалабаси билан табриклади. Унинг сўзларига кўра, янги раис қуролли можаролар, давлатлар ўртасидаги ихтилофлар, тенгсизликнинг кучайиши ва иқлим инқирози каби жиддий глобал муаммолар даврида ўз вазифасига киришмоқда.

БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессияси раиси Анналена Бербокнинг ваколатлари якунлангач, у Нью-Йоркдаги Колумбия университетида ўқитувчилик қилиши мумкин, дея хабар беради “DW” нашри. У БМТдаги бу лавозимни 2025 йил сентябрь ойидан бери эгаллаб келмоқда.

“БМТ янгиликлари” порталидан олинган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш