Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари саммити Туркия оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди
Август 25, 2026. 18:30 • 3 дақ
• 48АНҚАРА, 25 август. /“Дунё” АА/. Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи ва Президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралари Туркия оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, қатор етакчи турк нашри ва ахборот агентликлари – “RHA Ajans”, “Mersin Haber”, “Yozgat Gazetesi”, “Son Dakika”, “Haberler”, “Orta Doğu Gazetesi”, “Tamga Türk”, “Aksiyon”, “QHA” ва “Hibya Haber Ajansı” Тошкентдаги саммит ва унинг натижаларини атрофлича ёритди.
Муаллифлар Тошкентда бўлиб ўтган учрашувларни нафақат Ўзбекистон–Озарбайжон муносабатларидаги муҳим воқеа, балки Туркий дунёдаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим қадам сифатида баҳолади.
Мақолаларда Ўзбекистон–Озарбайжон давлатлараро олий кенгаши мажлиси ўтказилганига алоҳида эътибор қаратилган. Икки давлат раҳбарларининг учрашувлари Тошкент ва Боку ўртасидаги сиёсий мулоқотни янги, амалий босқичга олиб чиқадиган муҳим воқеа сифатида қайд этилди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларининг стратегик аҳамияти ҳам кенг ёритилди. Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома икки давлат ўртасидаги муносабатларни стратегик иттифоқчилик даражасига кўтарди. Нашрларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонни “ишончли иттифоқчи, стратегик шерик ва қардош давлат” сифатида таърифлагани ҳам алоҳида келтирилди.
Ташрифнинг минтақавий ва геосиёсий аҳамияти ҳам турк таҳлилчиларининг диққат марказида бўлди. Айрим нашрлар Тошкентдаги музокараларни ҳал қилувчи ва муҳим саммит сифатида баҳолаган бўлса, бошқалари Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлигини Марказий Осиё ҳамда Жанубий Кавказни боғловчи муҳим геосиёсий ва геоиқтисодий кўприк, дея таърифлади.
Турк ОАВлари ташриф доирасида янги қўшма лойиҳаларга старт берилгани, саноат ва инфратузилма объектларининг очилиши ҳамда уларга тамал тоши қўйилганини ҳам кенг ёритди. Журналистлар фикрича, икки давлат ўртасидаги сиёсий яқинлик иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликда ҳам аниқ натижаларга айланаётганини кўрсатади.
Ташрифнинг яна бир муҳим жиҳати транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик, хусусан, Ўрта коридорнинг аҳамиятидир. Турк таҳлилчиларининг маълум қилишича, Ўзбекистон–Озарбайжон муносабатларининг мустаҳкамланиши Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги савдо йўлакларини ривожлантириш, иқтисодий интеграцияни кучайтириш ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш учун янги имкониятлар яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




