Аёллар тадбиркорлигини ошириш бўйича Британия тажрибаси ўрганилмоқда

Октябрь 23, 2026. 09:30 • 2 дақ

• 108
Аёллар тадбиркорлигини ошириш бўйича Британия тажрибаси ўрганилмоқда

ЛОНДОН, 23 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистоннинг “Hamroh” компанияси директори ўринбосари Сардор Юсупов британиялик эксперт ва тадбиркор Лесли Стоньер билан онлайн суҳбат ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Лесли Стоньер бугунги кунда “Lesley Stonier Ltd” компаниясини бошқаради. Компания фаолияти касбий кўникмаларни ривожлантириш, шахсий брендни мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик кўникмаларини такомиллаштиришга интилаётган аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ушбу корхона “Santander”, “Etsy”, Эдинбург университети ва бошқа Британия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.

Мулоқот давомида Британия томонига “Hamroh” фаолиятининг асосий йўналишлари, компаниянинг мақсад ва вазифалари, Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Лесли Стоньер аёлларнинг карьера ва тадбиркорлик салоҳиятини ривожлантириш бўйича ўз касбий фаолияти ва тажрибаси ҳақида гапирди. У компаниянинг етакчилик фазилатларини ривожлантириш ва шахсий брендни шакллантиришга қаратилган дастур ва тренингларини тақдим этди.

Суҳбат чоғида хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, касбий кўникмаларни ривожлантириш ва бизнеснинг барқарор ўсишига кўмаклашиш бўйича тажриба алмашиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш