Ўзбекистон ва Покистон қўшма иқлим тадқиқотлари учун эксперт механизмини яратади

Октябрь 22, 2026. 22:00 • 2 дақ

• 133
Ўзбекистон ва Покистон қўшма иқлим тадқиқотлари учун эксперт механизмини яратади

ИСЛОМОБОД, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув меморандумини амалга ошириш бўйича Қўшма ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Видеоконферция шаклида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон томонидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Иқлим ўзгариши миллий маркази ҳамда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”) вакиллари иштирок этди.

Покистондан эса Иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит масалаларини мувофиқлаштириш вазирлиги, Глобал иқлим ўзгариши таъсирини ўрганиш маркази ҳамда Атроф-муҳитни ўрганиш агентлиги раҳбарлари қатнашди.

Мулоқот чоғида “Green University” ва Покистоннинг турдош университетлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Осиё тувалоғини муҳофаза қилиш, Марказий Осиё учиш йўли (CAF) доирасида кўчиб юрувчи қушларни муҳофазалаш, қўшма тадқиқот ишларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳар икки томон учун долзарб бўлган йўналишлар, жумладан, иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳавонинг ифлосланиши ва чўлланишга қарши курашиш, табиий офатларнинг олдини олиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек ўқинг

“Green University” вакиллари университет фаолиятига бағишланган тақдимотни намойиш этди. Покистон томони университет фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш борасида Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга юқори қизиқиш билдирди.

Қўшма ишчи гуруҳ йиғилиши якунлари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, истиқболли йўналишларни белгилаш, муносабатларни ривожлантириш ҳамда халқаро грант дастурлари доирасида биргаликда тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон томони Покистон вакилларини 2027 йилда мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилган “Eco Expo” халқаро кўргазмасида иштирок этишга таклиф қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш