Губернатор Эуженио Жани: Ўзбекистон билан шерикликни ривожлантириш алоҳида стратегик аҳамият касб этмоқда
Июль 19, 2026. 14:20 • 2 дақ
• 192
ФЛОРЕНЦИЯ, 19 июль. /“Дунё” АА/. Италиянинг етакчи “La Nazione” газетасида “Жани Шарққа назар ташламоқда. Тоскана – Ўзбекистон ўқи: бизнес учун янги имкониятлар” сарлавҳали кенг мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Тоскана губернатори Эудженио Жани Ўзбекистонга уч кунлик расмий ташрифини якунлаб, Италияга қайтган. Делегация таркибидан ҳудудий ҳокимият органлари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Тосканадаги Фахрий консули Леонардо Комуччи жой олди. Сафардан кўзланган асосий мақсад Тоскана ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги иқтисодий, маданий ҳамда илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Бироқ, вилоят раҳбарининг сўзларига кўра, ташрифнинг якуний куни ушбу миссияга анча кенг сиёсий ва стратегик маъно бағишлади.
“Менга худди давлат раҳбаридек қабул кўрсатилди, — деб таъкидлайди Эудженио Жани. — Расмий ташриф оддий ташрифдан анча юқори даражага кўтарилди. Бу Ўзбекистоннинг Италия ва энг аввало, маданиятларимиз ўртасида кўприк бўла оладиган Тоскана билан мустаҳкам иқтисодий ва савдо алоқаларини ўрнатишга бўлган самимий интилишидан далолатдир”.
Мақолада икки томонлама маданий мулоқот 2024 йилда Уффици галереясида Ўзбекистон авангард санъати кўргазмасининг ташкил этилиши ҳамда у Ўзбекистон Президенти Администрацияси вакилларининг иштироки билан бошлангани қайд этилган.
Шунингдек, ҳозирги вақтда асосий эътибор ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган. Энг истиқболли йўналишлар сифатида Прато саноат округи учун пахта етказиб бериш ва тўқимачиликни ривожлантириш, Санта-Кроче-суль-Арно ишлаб чиқариш кластери билан чарм саноатида ҳамкорлик қилиш, мармар қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳамда олтин буюмлар ишлаб чиқариш лойиҳалари кўрсатилган.
Эудженио Жанининг фикрича, глобал иқтисодий конъюнктура ўзгариб бораётган бир шароитда, Ўзбекистон билан шерикликни ривожлантириш алоҳида стратегик аҳамият касб этади. “Ҳозирги халқаро вазиятда Ўзбекистон билан муносабатлар янада қадрлироқ бўлиб бормоқда, Тоскана эса жаҳон иқтисодиётида янада сезиларли роль ўйнаш имкониятига эга бўляпти”, — дея хулоса қилган вилоят губернатори.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси