Ўзбекистонлик ёш футболчилар Швециядаги нуфузли халқаро турнирда юқори натижаларни қайд этди
Июль 19, 2026. 12:20 • 2 дақ
• 224ГЁТЕБОРГ, 19 июль. /“Дунё” АА/. Швециянинг Гётеборг шаҳрида 13–16 июль кунлари дунёдаги энг йирик ёшлар ва инклюзив футбол мусобақаларидан бири – “Gothia Cup 2026” халқаро турнири бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
1975 йилдан буён анъанавий равишда ўтказиб келинаётган мазкур мусобақада жорий йил дунёнинг 78 мамлакатидан 1 минг 956 жамоа иштирок этди. Турнир ёшлар ва инклюзив футбол соҳасидаги энг нуфузли халқаро майдонлардан бири сифатида эътироф этилади.
Мусобақада мамлакатимиз шарафини “Special Olympics Uzbekistan” ташкилотининг ўғил болалар ва қизлар жамоалари муносиб ҳимоя қилди. Ўзбекистон делегацияси турнир давомида юқори спорт маҳорати, жамоавий ҳамжиҳатлик ва ғалабага интилишини намоён этди.
Турнир якунларига кўра, юртимизнинг ўғил болалар жамоаси ўз тоифасида барча рақибларини мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритди. Қизлар жамоаси эса финалга қадар муваффақиятли иштирок этиб, мусобақанинг кумуш медали соҳиби бўлди.
Мазкур ютуқлар мамлакатимизда инклюзив спортни ривожлантириш, интеллектуал ривожланишида ўзига хос хусусиятларга эга шахсларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиши учун яратилаётган шарт-шароитлар самарасининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Турнир доирасида Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонаси дипломатлари юртимиздан келган ёш спортчилар ва мураббийлар билан учрашув ўтказди. Мулоқот чоғида жамоаларнинг мусобақада эришган юқори натижалари Ўзбекистон спортининг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



