АҚШ икки нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганидан сўнг Эронга қайта зарбалар беришни бошлади
Июль 19, 2026. 13:50 • 2 дақ
• 151
ВАШИНГТОН-ТЕҲРОН, 19 июль. /“Дунё” АА/. Иорданияда уюштирилган Эрон ҳужуми оқибатида икки нафар АҚШ ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлиши ва яна бир нафари бедарак йўқолиши ортидан АҚШ Эрон ҳудудига кетма-кет саккизинчи бор авиазарбалар берди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.
АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги маълумотларига кўра, ҳарбий операция Президент Дональд Трампнинг фармойиши билан бошланган. Қўмондонлик ушбу зарбалардан кўзланган мақсад — Эроннинг Ҳўрмуз бўғозидаги кемалар қатновига таҳдид солиш имкониятларини заифлаштириш, шунингдек, америкалик ҳарбийларга қилинган ҳужумга алоқадор бўлган Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси кучларига қақшатқич жавоб қайтариш эканини билдирди.
Эрон ОАВнинг хабар беришича, зарбалар мамлакат жанубидаги Сирик тумани ва Ироқ билан чегара яқинидаги Шодеган ҳудудларига берилган. Бунга жавобан, Эрон давлат телевидениеси тарқатган хабарга кўра, учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) АҚШнинг Қувайтдаги ҳарбий объектларига ҳужум уюштирган.
CENTCOM ахборотига кўра, можаро бошланганидан буён ҳалок бўлган америкалик ҳарбий хизматчиларнинг умумий сони 16 нафарга етди, 420 дан ортиғи эса жароҳат олди. АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет ҳарбийларнинг ҳалок бўлиши Вашингтоннинг қатъиятини фақат янада мустаҳкамлашини таъкидлади.
Эрон оммавий ахборот воситалари, шунингдек, АҚШнинг Баҳрайн ва Иорданиядаги объектларига ҳам зарбалар берилгани ҳақида хабар берди. Саудия Арабистонида эса эрта огоҳлантириш тизимлари бир қатор ҳудудлар аҳолисини яширинишга чақирди.
Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Мужтабо Хоменеи АҚШнинг ушбу хатти-ҳаракатлари Президент Дональд Трампнинг имзоси “ҳеч қандай қиймат ва ишончга эга эмаслигини” кўрсатганини баён қилди ва Вашингтонни бундан-да оғирроқ оқибатлардан огоҳлантирди.
Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги уч ҳафта ичида АҚШ зарбалари оқибатида 50 киши ҳалок бўлган, 500 дан ортиқ инсон жароҳатланган.
АҚШ Давлат департаменти Яқин Шарқдаги вазиятнинг янада кескинлашиши хавфи туфайли хориждаги америкаликлар учун глобал огоҳлантириш эълон қилди. CENTCOM маълумотларига кўра, айни пайтда минтақада юқори жанговар шайликни сақлаб турган 50 минг нафардан ортиқ АҚШ ҳарбий хизматчиси сафарбар этилган.
"AP" агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси