“Gulf Times”: Ўзбекистон ва Қатар шериклиги янги босқичга кўтарилмоқда
Сентябрь 11, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 69
ДОҲА, 11 сентябрь. /“Дунё” АА/. Қатарнинг “Gulf Times” нашрида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, Тошкент ва Доҳа ўртасидаги муносабатлар жадал мустаҳкамланиб, икки мамлакат ҳамкорлиги дипломатик алоқалар доирасидан анча кенгаймоқда. Сармоя, савдо, энергетика, инфратузилма, транспорт, туризм ва таълим каби соҳаларда қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мақолада ҳамкорликка янги суръат бағишлаган икки давлат раҳбарларининг 2023 йилдаги давлат ташрифларига алоҳида эътибор қаратилган. 2024 йил апрель ойида Ўзбекистон ва Қатар ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзоланди. 2025 йил август ойида Доҳада Стратегик шериклик бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
“Gulf Times”нинг ёзишича, Ўзбекистон Қатар учун истиқболли бозор бўлиб, инвестициялар учун янги имкониятлар очилмоқда. Қатар эса Ўзбекистон учун юқори сармоявий салоҳиятга эга муҳим шерик саналади.
Газетада иқтисодий ва гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ва жаҳон бозорлари ўртасидаги муҳим боғловчи бўғин сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси