Ўзбекистон ва Хакасия туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

Сентябрь 11, 2026. 09:30 • 2 дақ

47
Ўзбекистон ва Хакасия туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

НОВОСИБИРСК, 11 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Ўзбекистон ва Хакасия Республикаси туризм соҳаси вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқотда Ўзбекистон Туризм қўмитаси ходимлари, 20 нафардан ортиқ маҳаллий туроператорлар, Хакасия Республикаси Иқтисодий ривожланиш вазирлиги вакиллари иштирок этди.

Хакасия иқтисодий ривожланиш вазири Роман Ковтун Ўзбекистон билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бугунги кунда ҳудудда 12 та йирик миллий туроператор ва туризм соҳасида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ бизнес вакили мавжуд.

Учрашувда Хакасия ва Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ўртасида 2026 йилга мўлжалланган Ҳамкорлик режасини амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Сентябрь–октябрь ойларида икки ҳудуд туризм соҳаси вакиллари учун ахборот турларини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон томони мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини тақдим этди. Бунда юртимиздаги хавфсизлик, тил жиҳатидан қулай муҳит ва шу каби қатор имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Хакасия вакиллари Тошкент шаҳрида жорий йил ноябрь ойида ўтказилиши кутилаётган “Буюк ипак йўлида туризм” халқаро туризм ярмаркасида иштирок этишга таклиф қилинди.

Учрашув якунида Ўзбекистон туроператорлари Хакасиялик ҳамкасблар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда ўзаро туристик йўналишларни ташкил этишга тайёр эканини билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш